ЗИЛ — ҲАЗИЛ
Равшан янги ишга ўтди-ю, худди жаннатга тушиб қолгандай бўлди. Конструкторлик бюросида қирқ икки лойиҳачи ишласа, шундан қирқтаси қизлар экан. Равшан бола бўлиб бировни қизининг билагидан ушлаган эмасди. Институтда ҳам жуда тортинчоқ эди, ҳеч ким билан аҳду паймон қилмаганди. Бу ерда шунча қизнинг орасига тушиб эсанкираб қолди. Бунинг устига идоранинг бошлиғи заҳаргина Опа ишга олаётганида Равшанни огоҳлантириб қўйди. — ўнг қулоқ, чап қулоғингиз билан эшитиб олинг, йигитча! Ташкилотимизда нима кўп — қиз кўп. Биронтаси билан ғиринг деб гап чиқадиган бўлса, икковларингаям катта кўчани кўрсатиб қўяман! Келишдикми? Равшан, Опанинг ҳар сўзини чертиб-чертиб гапиришидан, ингичка гардишли кўзойнак орқасидаги кўзлари қисилиб кетишидан бу хотин ҳар балога қодир эканини тушунди.
— Хўп бўлади опа, — деди довдираб.
Асли бу ерга ишга кирмоқчи эмасди-ку, ўзидан бир йил илгари институтни битирган Турсунбой қўймади. Бу йигит ўзи оқкўнгил, хушчақчақ, фақат бир нуқсони бор. Юзи эринмай чакичланган патирга ўхшайди. Қачондир тошган чечак шўрликка шу тамғани босиб кетган. Равшан унинг нима учун шунчалик елиб-югурганини кейин билди. Илгари шунча қиз орасида битта ўзи ишларкан. Энди иккита бўлишди. Равшан Турсунбой билан бирга ишлайвераман-да, деб ўзини юпатган эди. Аксига олиб, бошқа хонага жойлашди. ўртоғи уни ўн беш чоғли қизлар чизма чизаётган хонага олиб кирди-да, тантана билан таништирди.
— Ҳой, жононлар! Зерикдик деб, ҳадеб йиғлайверганларинг учун шу болани топиб келдим. Кўндиргунча она сутим оғзимдан келди. Энди маҳкам ушлайсизлар.
Қизлар қий-чув кўтаришди. Равшан уялганидан лавлагиси чиқиб тураверди. Уни сийлашди шекилли, энг тўрда, дераза рўпарасида жойлашган столни беришди. Тағин ёнида телефон ҳам бор. Равшан аввалига хонада муттасил анқиб турадиган атир-упа, аллақанақа ислардан маст бўлиб юрди. Кейин-кейин кўникди. Янги ишхонанинг қонун-қоидаларини ўрганди. Қизлар Турсунбойга «артист» деб лақаб қўйишган экан. Равшан шунисига тушунмади. Аммо «Опа»га лақабни боплаб топишибди-да. «Кобра» келяпти, деса сичқоннинг ини минг танга бўлиб кетади. Опа, умуман, эрга тегмаган экан. Шунинг учунми, қизларнинг биронтаси Равшаннинг олдидаги телефондан йигитига қўнғироқ қилса, бошқаси эшик олдига бориб «Кобра»ни пойлаб туради. «Йигити» қўнғироқ қилган қизни чақириб бериш эса Равшаннинг зиммасида. Кунига камида йигирма марта бўлар-ов! Бир куни одатдагидек қўнғироқ жиринглади…
— Ким бу? — деди нозиккина овоз.
— Кимни чақириб берай? — деди Равшан ҳафсаласизлик билан.
— Ҳеч кимни. Сиз Авазовмисиз?
— Ҳа.
— Равшанжон акаммисиз?
Равшан ҳайратдан эсанкираб қолди.
— Ҳа, нимайди? — деди дудуқланиб.
— Кечирасиз… — нотаниш овоз энтикди. — Сиз мени танимайсиз. Мен сизни танийман.
— Кимсиз ўзингиз? — деди Равшан довдираб.
Нотаниш қиз бир лаҳза жим қолди. Равшан атрофига олазарак аланглади-ю, қизлар бир-бирига маъноли қараб қўйишаётганини кўриб, қулоғигача қизариб кетди.
— Равшан ака! — деди нотаниш овоз. — Мени одобсизлик қиляпти, деб ўйламанг. Троллейбус бекатига, газ сув дўкони олдига чиқсангиз… Гапим бор эди… Равшаннинг юраги орзиқиб кетди. Мунча ширин овоз. Мунча маъюс гапиради?
— Ҳозир, — деди товушини пасайтириб. — Лекин… — у дудуқланиб қўшиб қўйди. — Лекин қандоқ танийман сизни?
— Атлас кўйлак… Қўлимда оқ сумка… — нотаниш овоз бир лаҳза жимиб қолди. — Мен, танийман-ку, сизни.
— Ҳозир…
— Кечирасиз, овора қилдим-да, Равшанжон ака! — Нотаниш овоз соҳибаси бу сўзларни шу қадар мулойим қилиб айтдики, Равшан ўзидан-ўзи питирлаб қолди. Ҳовлиқиб йўлакка чиқса, Турсунбой сигарет тутатиб турибди.
— Ҳа, — деди тутун қайтариб. — Йўл бўлсин?
— Ўзим. — Равшан бепарволик билан қўл силтади.— Сув ичиб келай. У энди зина томон юрган эди. Турсунбой ҳам эргашди.
— Бормисан оғайни! Кеча қиттай-қиттай бўлган эди, ичим ёниб кетай деяпти. Юр. Равшан энсаси қотиб индамади. Кўчага чиққанларидан кейин баттар хуноб бўлди. У учгани қанот тополмайди. Турсунбой бўлса имиллайди. Ора-чора гап ҳам ташлаб қўяди:
— Поезддан қоляпсанми, нима бало?
Охири бекатга ҳам етиб келишди. Равшан сув ичаркан, атрофга аланглаб, атлас кўйлакли қизни қидирар, ҳар қултум сув томоғида тиқилиб қолаётгандай бўларди. Ана, биттаси автобусга чиқиб кетди. Равшанга қараб майин жилмайиб қўйди. Ўша! Худди ўзи! Қўлида оқ сумкасиям бор.
— Нима бўлди сенга оғайни?! Равшан Турсунбойнинг ўзига тикилиб турганини энди пайқади.
— Ўзим! — деди тўнғиллаб. У тўрвасини йўқотган гадойдек қовоғи уюлиб қайтиб кетди. Кун бўйи чиройи очилмай юрди. Эртасига худди ўша пайтда — соат ўн бирда яна телефон жиринглади.
— Лаббай, — деди Равшан овози титраб.
— Равшан ака, ўзингизмисиз? Салом, танидингизми? Равшаннинг ичида чироқ ёниб кетгандай бўлди.
— Танидим, сиз…
— Ҳа, Ферузаман. Кеча мендан хафа бўлдингизми? Равшан бир лаҳза ишхонадаги ҳамма қизларни кўз ўнгидан ўтказди. Йўқ, Феруза деган қиз йўқ. Демак, кечаги автобусга чиқиб кетган атлас кўйлакли қиз шу— Феруза.
— Кеча нега кетиб қолдингиз Ферузахон? — деди Равшан овозини пасайтириб.
— Ўзингиз бировни бошлаб чиқдингиз-ку.
— Уми? — деди Равшан Турсунбойни эслаб. — Сув ичгани чиққан эди-да!
— Мен уялдим… — Феруза бир зум жимиб қолди-да, яна энтикди. — Майли, хайр.
— Шошманг! — деди Равшан жонҳолатда. — Қаердан гапиряпсиз?
— Яқин… — Феруза хўрсинди. — Гастроном олдидан.
— Ҳозир чиқаман. Кетиб қолманг, илтимос. Равшан гўшакни қўйди-ю, бир-бирига маъноли тикилиб қараётган қизлар орасидан ўтиб, йўлакка отилди. Чиқиши билан яна Турсунбойга дуч келди. Индамай олдидан ўтиб кетаётган эди, Турсунбой гап отди.
— Ҳў, ака! Орқа-олдиларига қараб юрсинлар, мундай.
— Сигаретим тамом бўпти, обчиқай! — деди Равшан тезроқ қутилиш учун баҳона қилиб.
— Мундоқ демайсанми, оғайни! Мениям сигаретим тамом бўлди. Юр, биргалашиб бориб келамиз.
— Менга қара! — деди Равшан тўхтаб. — Қанақа сигарет чекасан?
Турсунбой кўзини пирпиратди.
— Нимагайди?
— Бир блок обкеб берсам қутуламанми сендан? Қўрқма, ўзимнинг ёнимдан оламан!
— Нима, мен сенга тиланчиманми? — Турсунбой ундан олдин йўлга тушди.
— Дўқингни қараю! Мен сеникига ўхшаган қаланғи-қасанғи сигарет чекмайман! Қимматидан оламан! Бугунги учрашув ҳам расво бўлди. Равшан гастроном атрофини уч марта айланиб қайтиб келди. Эртасига худди ўша пайтда қўнғироқ жиринглади.
— Ўзингизмисиз, Равшан ака? — деди Феруза. — Нега кеча анави юзи ғалатироқ ўртоғингизни бошлаб чиқдингиз? Кечирасиз-ку, у кишини камситмоқчи эмасману…
— Чўтирни чўтир, дейди-да! Сиз эмас мен кечирим сўрашим керак, — деди Равшан астойдил куюниб. — Бир хил одамлар ўлгудай калтафаҳм бўлади-да. Менга қаранг, илтимос, ҳозир учрашайлик.
Феруза бир лаҳза жим қолди.
— Бугун зачётга боришим керак. … Икки кундан кейин имтиҳонлар бошланади. Майли, Равшан ака, кейин кўришармиз.
— Йўқ, йўқ! — Равшан ўрнидан туриб кетди. — Мен ҳозир чиқаман. Қаердасиз?
— Бекатдаги автоматда.
— Ферузахон, илтимос, — деди Равшан ҳовлиқиб.— Кўчанинг у юзига ўтиб, юз қадамча юрсангиз сартарошхона бор. Шунинг олдига бориб туринг. Феруза тушунмади шекилли, эсанкираб сўради.
— Вой, нега?
— Гап бор, кейин тушунтираман. Хўп, денг Ферузахон, илтимос. Равшан гўшакни қўйди-ю йўлакка отилди. Хайрият, бу сафар Турсунбой кўринмасди. — Турқинг ўчгани рост бўлсин, — пичирлади у Турсунбой ўтирадиган хонанинг эшиги олдидан оёқ учида ўтар экан. Лекин ўн қадамча юрган эдики, зина панжарасига суяниб турган Турсунбойни кўриб, тўхтаб қолди.
— Сигаретга кетяпсанми? — деди Турсунбой.
— Йўқ! — деди Равшан тўнҚиллаб. — Очиқ мозорга!
— Унақа бўлса, бу ёққа юр! — Турсунбой уни қўлтиқлаб олди. — Соқол-поқолингни олдириб борсанг прямой жаннатга тушасан!
У бирдан жиддий тортди.
— Бу соқол деган нарса мунча тез ўсади-я? Кунора олдириб турмасанг маймунга айланиб кетасан. Қара, сеникиям тиканакдек бўлиб қопти. Юр, биргалашиб олдириб келамиз. Опани биласан-ку, ўзига қараб юрмаган ходимларни ёмон кўради.
— Ҳой, менга қара, тинч қўясанми-йўқми одамни?— деди Равшан йиғлагудек бўлиб. — ўз ҳолимга қўясанми-йўқми!
— Ие, сенга нима қилдим, оғайни! — Турсунбой астойдил ҳайрон бўлди. ўзи сенга жин тегибди.
— Ҳа! — деди Равшан бақириб. — Жин тегди. Ўша жин сенсан! Бу сафар ҳам худди Равшан ўйлагандай бўлиб чиқди. У Турсунбой билан жиғиллашиб бўлгунча, Феруза эркакларнинг сартарошхонаси ёнида ярим соат турармиди? Эртасига Равшан телефон ёнидан жилмади. Тушликка ҳам чиқмади. Феруза кечқурун телефон қилди.
— Кеча нега келмадингиз? Равшан қизнинг овозидаги ўкинчни сезиб, қўрқиб кетди.
— Кечирасиз, — деди ялингудек бўлиб. — Анави шилқим тағин эргашиб чиққанини кўрмайсизми?
— Қайси шилқим? — деди Феруза.
— Анави чўтир-да! — деди Равшан алам билан. — Фаросат йўқ-да, фаросат. Феруза бир зум жим қолди.
— Анави ўртоғингизни айтаяпсизми? — деди. — Қўйинг, дўстингизни унақа деманг. Яхши одамга ўхшайди-ку!
— Э, нимаси яхши! — Равшан баттар тутоқди. — Сиз уни узоқдан кўргансиз. Яқинроқдан кўрсангиз, қочиб кетасиз.
— Унчаликка ўхшамайди шекилли, — деди Феруза.
— Юришини кўрдингизми, юришини? Худди бузоққа ўхшаб юради. Қаердасиз, Ферузахон? Яна бир зум сукут чўкди.
— Майли, қўя қолинг, — деди қиз ниҳоят. — Тағин ўртоғингиз эргашса…
— Эндиям эргашсин-чи, чўтир башарасини текислаб қўяман!
— Равшан ака, — деди Феруза унинг гапини бўлиб.— Сизга биринчи бўлиб қўнғироқ қилганимни нотўғри тушундингиз шекилли. Майли, узр.
— Ферузахон! — Равшан жон ҳолатда гўшакни чангаллаб олди.
— Хайр, кечирасиз… Телефонда қисқа-қисқа сигнал эшитилди. Равшан шалвираб ўтириб қолди. Муҳаббат одамни девона қилиб қўяди, деганлари рост экан. Равшан йигирма кун ичида озиб кетди. Телефон жиринг этса, гўшакка ёпишади. Турсунбойни кўрса, кўнгли айнийди. Кечалари Феруза тушларига кириб чиқади. Сариқ атлас кўйлак, қўлидаги оппоқ сумкача… Бу орада Опа, ишни эплай олмаяпсиз, деб икки марта дакки берди. Ниҳоят, йигирма биринчи куни телефонда қадрдон овоз эшитилди.
— Равшан ака!
— Қаердасиз? — деди Равшан энтикиб.
— Бекатда…
— Кетдим! Равшан хонадан отилиб чиқди. Ҳар вақтидагидек йўлида пайдо бўлган Турсунбойни шундай туртиб юбордики, шўрлик гандираклаб деворга урилди. «Етиб бўпсан чўтир!» — деб қўйди ичида Равшан зиналарнинг учтасини бир қилиб тушиб бораркан. Машина йўлини кесиб ўтди-ю, бекатга қараса, телефон будкаси олдида худди ўша кечалари тушини, кундузлари ҳушини ўғирлаган Феруза жилмайиб турибди. Эгнида атлас кўйлак.
— Ферузахон! — Равшан югуриб бораркан, беш қадамча беридан қичқириб юборди. Яна икки қадам қўйган эди, забардаст бир қўл билагини омбурдай сиқиб ўзига қаратди.
— Кимга хиралик қилаяпсан, ўв, фраер! — деди шопмўйлов йигит кўзидан ўт чақнаб.
— Қўйинг, ўзингизни босинг. — Қиз Равшанга жирканиб қаради. — Жинни шекилли бу. Шу пайт ортидан етиб келган Турсунбой Равшанни четга тортди.
— Тинчликми? — деди меҳрибонлик қилиб. Равшан ўриндиқнинг бир чеккасига Турсунбой иккинчи чеккасига ўтирди. Сўнг юпатди.
— Аҳволингни қара! Бир йил қилтомоқ бўлиб ётган одамга ўхшайсан-а! Э, сендақа ошиқдан ўргилдим. — У бир лаҳза ўйлаб турди-да сўради. — Пулинг борми?
— Бор, — деди Равшан талмовсираб. — Нимайди?
— Юравер! Турсунбой Равшанни магазинга бошлаб борди. Икки шиша шампан, икки плитка шоколад олдирди. Кейин ишхонага қайтишди.
— Қизлар! — деди Турсунбой шампан шишаларини баланд кўтариб. — Бугун биз янги томоша премьерасини ювамиз. Шишалар очилсин! Асосий ролларни ижро этганлар шарафига ичилсин. Қизлардан бири қиқир-қиқир кулиб, стакан топиб келди. Яна бири эшик олдига бориб, «Кобра инига кириб кетди», деб хабар қилди. Равшан бир чеккада анграйиб турарди.
— Равшан акажон! Равшан таниш овозни эшитди-ю, сесканиб бошини кўтарди. Овоз эгасини қидириб аланглар экан, Турсунбой стаканни унинг қўлига узатди.
— Равшан акажоним! — деди Турсунбой қизларникидай майин, ингичка товушда. — Кўришадиган кунимиз бор экан-ку, бирам соғиниб кетдим-ки! Қизларнинг қаҳқаҳасидан Равшан ёниб кетди. Турсунбой бўлса ҳамон ўша товушда давом этарди:
— Чўтирни чўтир дейдими-а? Юриши бузоққа ўхшайдими? Ўша бузоққа ўхшаган чўтир ўртоғингизни эргаштириб чиққанингиз учун сиздан аразладим. Майли, энди ярашамиз. Ҳи-ҳи-ҳи… Келинг, шуни ичиб юборинг, жо-о-он Равшан ака! Равшан бирдан ҳаммасига тушунди. Қизлар нима учун Турсунбойни «артист» деб аташини ҳам, нима учун телефонда Феруза билан гаплашганда, қизлар бир-бирига маъноли қарашини ҳам, нима учун Турсунбой доим унга эргашиб юрганини ҳам… Равшаннинг важоҳати ўзгариб, мушти тугилди. Турсунбой бу ёғини ҳам ҳисобга олиб қўйган экан шекилли, лапанглаб қочиб қолди. Равшан унинг кетидан отилган эди, қизлар қий-чув қилиб йўлини тўсишди. Шу куни кечгача Равшан ўшшайиб, қизлар ҳиринглаб, Турсунбой илжайиб юрди. Иш куни охирлаб қолганида «чўтир» аллақаёққа даф бўлди. Кўп ўтмай палакат телефон тағин жиринглади.
— Ким бу? — деди яна ўша майин товуш.
— Ким керак? — деди Равшан жеркиб.
— Авазовмисиз?
— Ҳа-а-а-а, Авазовман! — деди Равшан алам билан. — Хўш, нима дардинг бор?
— Менга Авазов керак! — деди телефондаги овоз анчайин қатъият билан.
— Шунақами? — Равшан ҳузур қилиб кулди. — Зато сен менга керакмассан! Эринг йўқлигини биламан. Аммо сенга эр бўлолмайман, тушундингми? Эр керак бўлса, кўчадан қидир!
— Нима? Менинг эрим бор-йўқлиги билан нима ишинг бор?! Равшан чўтирнинг нозик жойига текканини билиб, қувониб кетди.
— Эр керак бўлса-чи, газетага эълон бер! Менга эр керак, дегин! Бўйи фалон метр бўлсин, оғирлиги фалон кило, бўйнининг йўғонлиги фалонча бўлсин, дегин, хўпми?
— Нима-нима?! — телефондаги овоз чийиллаб кетди. — Нима дединг?!
— Битта эълон берсанг, йигирмата эр югуриб келади! — Равшан маза қилиб кулди. — Иложи бўлса-чи, жиннихонада ётиб чиққан эр топ, хўпми. Худди мис қозонга лой тувоқдек бир-бирингга мос тушасанлар!
— Ўчир, ярамас! — деди овоз дағдаға билан.
— Ҳа-а-а! Алам қилдими? — Равшан баттар завқланиб кулди. — Эрга тегсанг-чи, аламинг уч кунда босили-и-иб қолади!
— Урр-р-руғингни ўйнатиб юбораман! — Телефон гўшаги ёрилиб кетай деди.
Равшан баралла хахолади.
— Ўйнатасан-а, ўйнатасан! — Директор Опа борку, Кобра! Ўша «Кобра»га қизлар бир оғиз айтса, ўзингни уруғинг ўйнаб кетади! Кўзойнагини ечиб, туриб битта чақса борми, тил тортмай ўласан! Равшан ўзини шунча калака қилган чўтирни яна анча тузламоқчи эди-ку, гўшакдан қисқа-қисқа гудок эшитилди.
— Шунақа бўлади! — деди Равшан ўзига тикилиб қолган қизларга қараб. — Бировни масхара қилиш шунақа бўлади! Ярамас, чўтир! Аҳмоқ! Шу гапни айтиши билан хона эшиги шарақлаб очилди. Ҳамма ўша томонга бурилиб қаради. Остонада Опа турар, ранги докадай оқариб, лаблари гезариб кетган эди. Ҳозиргина чангаллаган бўлса керак, сочлари тўзиб алвастиси чиқиб кетган. Ҳатто кўзойнаги ҳам бир томонга қийшайиб қолган эди.
— Авазов! — бақирди у оғзидан кўпик сачратиб. — Ҳозир телефонда гаплашган сизми? Равшан ранги ўчиб, ўрнига ўтириб қолди.
— Жавоб бер! — деди Опа қўлини пахса қилиб. Равшан Турсунбойни Феруза деб қанақа алданган бўлса, опани Турсунбой деб ўйлаб баттар адашганини, энди ҳаммаси тамом бўлганини тушунди-ю, индамай қўл силкиди.
— Қани, бу ёққа! — деди Опа лаблари титраб. Равшан унинг олдига тушиб йўлакка чиқди. Опа сўзида турадиган хотин экан. Чиндан ҳам унга «катта кўчани кўрсатиб қўйди».
Ўткир Ҳошимов
