Хитой сунъий интеллект бўйича мутахассисларга махсус рухсатсиз хорижга чиқишни тақиқлади — Bloomberg
Агентлик маълумотларига кўра, Хитой расмийлари Пекин томонидан “мамлакат учун стратегик жиҳатдан муҳим” деб ҳисобланадиган мутахассисларнинг чет элга чиқишини тақиқлаш амалиётини хусусий компанияларга ҳам татбиқ эта бошлади. Эндиликда илғор сунъий интеллект тизимларини ишлаб чиқувчи шахслар, жумладан, Alibaba ва DeepSeek каби компанияларнинг юқори лавозимли ходимлари бошқа мамлакатларга саёҳат қилиш учун олдиндан махсус рухсатнома олишлари шарт.
Бундай амалиёт давлат компаниялари раҳбарлари, асосий тадқиқотчилар, университет ходимлари ҳамда ядровий лойиҳалар билан шуғулланувчи олимлар ўртасида кенг тарқалган. Масалан, давлат компаниялари топ-менежерлар ва Коммунистик партия мулозимларининг хорижга чиқиш паспортларини ўзларида сақлайди. Бироқ илгари хусусий компаниялар учун бундай талаб хос бўлмаган.
Bloomberg манбаларининг сўзларига кўра, янги чекловлар остига сунъий интеллект соҳасининг бир қатор етакчи мутахассислари, жумладан, айрим стартап асосчилари, тадқиқотчилар ва компания раҳбарлари тушган. Бундай шахслар рўйхатга уларнинг фақат лавозими ёки иш жойига қараб эмас, балки мамлакат учун стратегик аҳамияти баҳоланиб киритилмоқда.
«Хитой расмийлари сунъий интеллектга нафақат иқтисодий ривожланиш, балки миллий хавфсизликни таъминлашни ҳам ҳисобга олган ҳолда қарай бошлагани ҳақида хабар берган. Шу сабабли, ушбу соҳадаги етакчи тадбиркор ва тадқиқотчиларга АҚШга бормаслик қатъий тавсия этила бошланган. Пекин сунъий интеллект соҳасидаги экспертлар хорижга чиққанда Хитойнинг ушбу йўналишдаги ютуқлари ҳақидаги махфий маълумотларни ошкор қилиб қўйишидан ёки уларни музокараларда “козир” (устунлик таъминловчи омил) сифатида фойдаланиш учун ҳибсга олишлари мумкинлигидан хавотирда», дейилади мақолада.
