АҚШда сирли равишда ғойиб бўлган олимлардан бирининг жасади топилди. Улар хавфли қуроллар устида ишлаган…
АҚШнинг Нью-Мексико штати полицияси Лос-Аламос миллий лабораториясининг 2025 йил июль ойида бедарак йўқолган 54 ёшли ходими Мелисса Касиаснинг жасади топилганини эълон қилди. Бу ҳақда Британиянинг «Daily Mail» нашри хабар бермоқда. Касиаснинг жасади Карсон миллий ўрмонидаги Макгаффи тизмаси ҳудудидан топилган бўлиб, унинг ёнидан тўппонча ҳам қайд этилган. Ҳозирда полиция олимнинг ўлим сабабларини аниқламоқда.
Суриштирув маълумотларига кўра, Мелисса Касиас охирги марта 2025 йил 26 июнда тирик кўрилган. Ўша куни эрталаб у ўзи каби Лос-Аламос лабораториясида ишловчи турмуш ўртоғини машинада ишга олиб борган ва рухсатномасини унутиб қолдирганини айтиб, уйига қайтган. Кундузи соат 14:20 атрофида кузатув камералари Касиаснинг уйидан тахминан 4.8 км узоқликдаги (жасади топилган жойдан эса 9 км масофада) шоссе бўйлаб ёлғиз кетаётганини муҳрлаган. Эътиборлиси, олимнинг шахсий ва иш телефонлари уйидан топилган бўлиб, уларнинг иккаласи ҳам завод созламаларига қайтариб ташланган.
Мелисса Касиас 2025 йилда АҚШда шубҳали шароитларда ғойиб бўлган ёки ҳалок бўлган фазони ўзлаштириш, энергетика ва қурол-яроғ лойиҳалари устида ишлаган йирик олимлар гуруҳининг бир қисмидир. Касиаснинг Лос-Аламос лабораториясидаги ҳамкасби Энтони Чавес ҳануз бедарак йўқолганлар рўйхатида қолмоқда. НАСАнинг Реактив ҳаракатланиш лабораторияси муҳандиси Моника Хасинто Резанинг 2025 йил июнидан бери қаерда эканлиги номаълум.
2025 йил 28 августда АҚШ Ядро хавфсизлиги миллий бошқармаси ходими Стивен Гарсиа худди шундай шароитда — телефони, ҳужжатлари ва калитларини уйида қолдириб, номаълум йўналишда пиёда чиқиб кетганча қайтиб келмаган. 2025 йил июль ойида НАСА Маршалл коинот парвозлари маркази ходими Жошуа Лебланнинг жасади ёниб кетган автомобил ичидан топилган. Расмий равишда бу ЙТҲ деб баҳоланган бўлса-да, яқинлари унинг ўша ўрмон йўлида ҳеч қандай иши бўлмаганини даъво қилишмоқда.
Оммавий ахборот воситаларининг ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилнинг ўзида ҳукумат лойиҳалари билан боғлиқ бўлган амалдорлар ва олимларнинг ғойиб бўлишига оид 12 дан 14 тагача шу каби сирли ҳолатлар қайд этилган.
Бу занжирдаги энг шов-шувли воқеа 2026 йилнинг февраль ойида Ҳарбий-ҳаво кучлари илмий-тадқиқот лабораториясининг собиқ раҳбари Уильям Нил Маккасланднинг йўқолиб қолиши бўлди. Махфий лойиҳаларга алоқадор бўлган юқори мартабали мулозимнинг ғойиб бўлиши махсус хизматларни оёққа турғизди ва шундан сўнг матбуот ушбу ҳодисаларни ягона занжирга боғлай бошлади.
Шундай бўлса-да, ҳозирда АҚШ полицияси ва ФБР (Федерал қидирув бюроси) ғойиб бўлган ёки ҳалок бўлган олимлар ўртасида қандайдир тизимли боғлиқлик борлигини расман инкор этмоқда.
