ДАҲШАТ! Холанд ва унинг армияси дунёни титратишга тайёр: Жаҳон чемпионати тарихидаги энг совуқ сурат!
Норвегия Жаҳон чемпионати тарихидаги энг совуқ ва энг даҳшатли жамоавий суратини тақдим этган бўлиши мумкин!
1998 йилдан бери илк бор Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган Норвегия миллий терма жамоаси бу тарихий воқеани шунчаки нишонламади. Улар Норвегиянинг совуқ ва драматик соҳилларида, афсонавий викинглар кемалари фонида ҳақиқий жанговар викинг жангчилари образида намоён бўлишди!
«Викинглар келяпти» деб номланган ушбу шов-шувли сурат дунёга машҳур фотограф Дэвид Ярроу томонидан тасвирга олинди. Фотографнинг таъкидлашича, Норвегия Жаҳон чемпионати олдидан «ҳам бир қадам олдинга, ҳам вақт бўйлаб бир қадам орқага» ташлади.
«Футболчилар худди скандинав мифологияси саҳифаларидан отилиб чиққандек кўринишяпти ва бизнинг асосий мақсадимиз ҳам айнан шу эди», — дейди Ярроу.
«Холандни викингга айлантириш — фаолиятимдаги энг осон иш бўлди!»
Ярроу сурат олиш жараёнлари ҳақида гапирар экан, замонамизнинг энг даҳшатли ҳужумчиси Эрлинг Холанд ҳақида ҳазил аралаш шундай деди:
«Албатта, дунёда Норвегиянинг миллий бойлиги бўлмиш Эрлинг Холанддан кўра ҳаётийроқ ва ишонарлироқ викинг топилмаса керак. Уни жангчи қиёфасига келтириш менинг бутун фаолиятимдаги энг осон вазифалардан бири бўлди».
Бу Сунъий интеллект (AI) эмас: Кемалар ҳақиқий!
Бугунги рақамли технологиялар асрида кўпчилик фондаги маҳобатли кемаларни Сунъий интеллект маҳсули деб ўйлаши табиий. Аммо фотограф Ярроу бу шубҳаларни бутунлай рад этди:
«Ҳозирги кунда одамлар лодкаларнинг ҳақиқийлигига шубҳа қилишмоқда. Мен Норвегия футбол федерациясига мамлакатдаги энг яхши, ҳали ҳам суза оладиган ҳақиқий викинг кемаларини топиб келишгани учун миннатдорчилик билдираман. Уларнинг борлиги суратга беқиёс куч ва тарихий салмоқ бағишлади. Вальхалла!»
Кадр ортидаги сир: Мартин Эдегор қани эди?
Ушбу афсонавий суратнинг ўз сири бор. Терма жамоа сардори Мартин Эдегор Чемпионлар лигаси финалида ўйнаётгани сабабли асосий суратга туша олмаган. Бироқ бир неча кундан кейин у алоҳида суратга олиниб, рақамли форматда (монтаж орқали) ушбу умумий таркибга маҳорат билан жойлаштирилди.
