«МЕН КЕТСАМ, ЎЛАСИЗМИ?»

«МЕН КЕТСАМ, ЎЛАСИЗМИ?»

«У жавоб бердимикан?» Ҳар дақиқада телефон экранини ёқиб-ўчиришдан чарчамадингизми?

Бугунги кунда уришишдан, жанжаллардан эмас, балки орадаги масофадан даҳшатга тушадиган бутун бир авлод шаклланди. Улар учун ёнида доим кимдир бўлиши, ҳар сонияда хабар ёзиб туриши, «мен шу ердаман» деб тасдиқлаши, овутиши ва тинчлантириши шарт! Агар икки дақиқа жавоб келмаса — дунё ағдар-тўнтар бўлиб кетади.

Аммо биз энг катта хатони қаерда қилаётганимизни биласизми?

Биз мана шу доимий, таранг ва асабий алоқани, яъни бир-биримизни тинмай назорат қилишни «ЯҚИНЛИК» деб атай бошладик. Бу — асл яқинлик эмас! Бу — ниқобланган руҳий азобдир!

Қўрқув севгини бўғиб ўлдирмоқда!

Бундай муносабатларда инсон севишдан кўра кўпроқ йўқотишдан қўрқади. Севги қолмайди, фақатгина «ташлаб кетмасин» деган ваҳима устуворлик қилади. Айнан мана шу қўрқув сабабли ришталар тошдек оғирлашиб, икки томонни ҳам руҳан маҳв эта бошлайди.

Ҳақиқий, соғлом алоқа — бу сизни туну кун «у қаерда қолди, нега совуқ гапирди» деб хавотирланишга мажбур қиладиган азобхона эмас!

Соғлом муносабат — бу ўша инсоннинг борлигини ҳис қилганда ичингизда пайдо бўладиган УМУМИЙ ХОТИРЖАМЛИКДИР.

Ҳа, ҳаётда қийинчиликлар бўлади. Ҳа, туйғулар баъзан жўшиб, баъзан пасайиши мумкин. Аммо чин дилдан севган ва севилган инсоннинг ич-ичида: «Мени ҳозир ташлаб кетишади», «Мен қадрсизман», «У ҳеч қандай тушунтиришларсиз ғойиб бўлади» деган ваҳимали, мудҳиш туйғу умуман бўлмайди!

Хулоса ўрнида сўров: Сиз қайси томондасиз?

Энди ўзингизга очиқ ва ростгўйлик билан савол беринг. Сиз учун муносабатларда қайси бири муҳимроқ:

  • Ҳар сонияда назоратда ушлаб турадиган доимий алоқами?

  • Ёки телефонсиз ҳам, масофалардан қатъий назар кўнгилни ёритадиган ХОТИРЖАМЛИКМИ?

  • Зумрад Қундузова

Дўстларингизга ҳам юборинг: