Навоийда алиментдан қарздор ота тандир ичида яширинган ҳолда топилди

Навоийда алиментдан қарздор ота тандир ичида яширинган ҳолда топилди

Навоий вилоятининг Кармана туманида алимент тўловларидан бўйин товлаб юрган эркак Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ходимлари томонидан тандир ичида яширинган ҳолда аниқланди.

Маълум қилинишича, фуқаронинг алимент бўйича қарзи қарийб 71 миллион сўмга етган. Қарздорни аниқлаш ва ижро ҳужжатини таъминлаш мақсадида ўтказилган қидирув тадбирлари давомида у ошхоналардан бирида жойлашган тандир ичига яшириниб олгани маълум бўлган.

МИБ ходимлари томонидан эркакнинг яширинган жойи аниқланиб, у қўлга олинган.

Масъул идора маълумотига кўра, алимент тўловидан қасддан бўйин товлаш ҳолатларига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилади. Шунингдек, алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатларининг ўз вақтида бажарилиши давлат назоратида экани таъкидланди.

Ушбу воқеа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилиниб, кўплаб фойдаланувчиларнинг эътиборини тортди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: