Ҳиндистонда ёшлар тузган «Тараканлар халқ партияси» илк кўча намойишини ўтказди
Ҳиндистон пойтахти Янги Деҳлида шанба куни юзлаб ёшлар мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларга эътибор қаратиш мақсадида ўтказилган намойишда иштирок этди. Тадбирни «Тараканлар халқ партияси» (Cockroach Janata Party) деб номланган ҳаракат ташкил қилди.
Дастлаб интернетда ҳазил тариқасида пайдо бўлган мазкур ҳаракат қисқа вақт ичида кўплаб ёшларни ўз атрофига жамлашга муваффақ бўлди. Унинг тарафдорлари таълим тизими, ишсизлик, ёшлар учун имкониятлар етишмаслиги ва иқтисодий истиқболлардан норозилик билдирмоқда.
Намойиш қатнашчилари ҳукуматдан ёшлар бандлигини ошириш, таълим сифатини яхшилаш ва иқтисодий ислоҳотларни тезлаштиришни талаб қилди.
Таҳлилчиларнинг фикрича, ҳаракатнинг оммалашиши Ҳиндистондаги Z авлоди вакиллари орасида мавжуд ижтимоий кайфиятни акс эттирмоқда. Кўплаб ёшлар олий маълумот олган бўлса-да, муносиб иш топиш ва иқтисодий барқарорликка эришишда қийинчиликларга дуч келмоқда.
«Тараканлар халқ партияси» ҳозирча расмий сиёсий партия мақомига эга эмас. Бироқ унинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги ва биринчи оммавий намойиши ҳаракатнинг ёшлар орасида маълум даражада қўллаб-қувватланаётганини кўрсатмоқда.
Кузатувчилар бу ҳаракат келажакда ҳақиқий сиёсий кучга айланадими ёки интернет феномени сифатида қолиб кетадими, деган савол ҳозирча очиқлигича қолаётганини таъкидламоқда.
