Ироқ, Сурия ва Эрон ҳаво ҳудудида фавқулодда чекловлар жорий этилди
Flightradar24 маълумотларига кўра, Эрон, Ироқ ва Сурия ҳаво ҳудудида фуқаролик авиацияси ҳаракати деярли тўлиқ тўхтаган. Минтақа осмони самолётлардан бўшаб қолган.
Қайд этилишича, ҳозирда ушбу уч давлат устида мунтазам йўловчи парвозлари амалга оширилмаяпти. Айрим маълумотларга кўра, хавфсизлик сабабли ҳаво ҳудуди вақтинча ёпилган.
Шу билан бирга, Исроилдан учта фуқаролик самолёти учиб кетаётгани кузатилган. Flightradar24 кузатувларига кўра, яна бир ички рейс Ҳайфа–Эйлат йўналишида ҳаракатланмоқда, бироқ минтақадаги ҳаво ҳаракати кескин чекланган.
Ироқ расмийлари аввалроқ ҳаво ҳудудини 72 соатга ёпганини маълум қилган. Сурия эса Дамашқ аеропорти ва жанубий ҳаво ҳудудини вақтинча ёпганини билдирган.
Мутахассислар фикрича, мазкур чекловлар минтақадаги хавфсизлик вазиятининг кескинлашуви билан боғлиқ.
