Туркиянинг вақт секинлашадиган қишлоқлари ҳақида биласизми?

Туркиянинг вақт секинлашадиган қишлоқлари ҳақида биласизми?

Сўнгги йилларда секин саёҳат (clow travel) замонавий туризмнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Сайёҳлар тобора сокин, мазмунли ва мақсадли саёҳатни афзал кўрмоқда. Европа Саёҳат комиссиясининг 2026 йилга мўлжалланган ҳисоботига кўра, секин саёҳатга қизиқиш 2025 йилдаги 22 фоиздан 2026 йилда 26 фоизга кўтарилган ва бу ушбу йўналишнинг оммалашиб бораётганини тасдиқлайди. Шу нуқтаи назардан, Туркиянинг қишлоқлари секин саёҳат учун идеал манзиллар сифатида алоҳида эътиборни тортади. Мазкур қишлоқларнинг айримлари БМТ Туризм ташкилоти томонидан “Энг яхши туризм қишлоқлари” деб топилган ва бу уларнинг барқарор, маҳаллий ҳамжамият манфаатларига таянган туризм тамойилларига содиқлигини билдиради.

Барбарос – қўғирчоқлар қишлоғи

Барбарос қишлоғи Измирнинг Урла туманида жойлашган бўлиб, 700 йиллик тарихи ва ҳақиқий Эгей руҳи билан сайёҳларни ўзига чорлайди. Тош уйлар, тор кўчалар ва маҳаллий ҳунармандчилик анъаналари қишлоққа ўзига хос жозиба бағишлайди. БМТ Туризм ташкилоти томонидан 2025 йилда “Энг яхши туризм қишлоқлари” рўйхатига киритилган.

Барбароснинг энг қизиқарли анъаналаридан бири “Çat kapı” (“Эшик қоқиш”) одатидир. Эшикдаги махсус белги меҳмонларни хонадонларга таклиф этиб, у ерда маҳаллий зайтун мойи, боғда етиштирилган сабзавотлар ва янги терилган кўкатлардан тайёрланган анъанавий Эгей таомларидан баҳраманд бўлиш имконини беради. Маҳаллий таомлар орасида қўлда тайёрланган творог, петрушка ва пиёз билан тўлдирилган илиқ ва мазали катмер алоҳида ўрин тутади.

Сентябр ойида ўтказиладиган Оюк (қўғирчоқ) фестивали давомида кўчалар турли қўриқчи қўғирчоқлар билан безатилади. Қишлоқ яқинида жойлашган Урла узумзор йўналиши ва машҳур гастрономик масканлар эса Барбаросни хотиржам ҳордиқ ҳамда мазали таомларни қадрловчилар учун идеал манзилга айлантиради.

Учағиз ва Ормана: денгиз бўйидан тоғлар сари

Учағиз қишлоғи ўзининг сокин муҳити, тарихий мероси ва табиий гўзаллиги билан ажралиб туради. Тош деворлар билан ўралган тор кўчалар оилавий ресторанлар, санъат устахоналари ва ўрта аср қалъасига етаклайди. Мусаффо денгиз эса қайиқ саёҳатлари, шўнғиш каби фаол дам олиш турларига кенг имкон яратади.

Қишлоқ, шунингдек, машҳур Ликя йўлининг муҳим нуқталаридан бири бўлиб, қадимий Мира шаҳри ҳамда Авлиё Николай черкови билан биргаликда ҳудудга тарихий ва маънавий бойлик бағишлайди.

Ормана қишлоғи ноёб “тугмали уйлар”и билан машҳур бўлиб, улар бутунлай маҳаллий тош ва садр ёғочидан, ҳеч қандай қоришмасиз, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган анъанавий усуллар асосида барпо этилган. Бугунги кунда уларнинг бир қисми бутик меҳмонхоналарга айлантирилган бўлиб, сайёҳларга жонли маданий мерос муҳитида яшаш имконини беради.

Шунингдек, қишлоқ табиий маҳсулотлари ва гастрономик анъаналари билан ҳам ажралиб туради. Бу ерда қўзиқоринлар, маҳаллий ўтлар, узум ва узум қиёми ҳамда эркин яйловларда боқиладиган эчки сутидан тайёрланадиган табиий пишлоғи асосида шаклланган “ферма – дастурхон” тажрибаси сайёҳларда унутилмас таассурот қолдиради. Қишлоққа хос бўлган Ғиламик ипак тўқимачилиги эса ноёб ҳунармандчилик анъанаси сифатида қадрланади.

Шунингдек, қишлоқ яқинида Туркиядаги энг йирик ерости кўлига эга Алтинбешик ғори, ёввойи отлар эркин кезадиган Эйниф текислиги ҳамда қадимий Ипак йўли йўналишларини эслатиб турувчи Тол Хан харобалари жойлашган. Ормана қишлоғи GoTürkiyeнинг барқарор туризм йўналишлари қаторига киритилган.

Анитли: ўрта асрларга саёҳат

Анитли илгари сурёний тилида “Ҳаҳ” номи билан танилган бўлиб, Мардин вилояти, Мидят туманидаги Тур Абдин ҳудудида жойлашган. Қишлоқ ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси тахминий рўйхатига киритилган “Мидят ва унинг атрофидаги сўнгги антик ва ўрта аср черковлари ҳамда монастирлари (Тур Абдин)” мажмуасининг бир қисми ҳисобланади. Милодий 397 йилда қурилган Мор Габриел монастири эса дунёдаги энг қадимий сурёний православ монастирларидан бири сифатида катта тарихий аҳамиятга эга.

Ҳудуд гастрономияси ҳам ўзига хос жозибага эга. Асрлар давомида анъанавий усулларда тайёрланадиган нўхатли нон, сурёний бўрек, маҳаллий тузламалар ва бодомли ширинликлар бу бой ошхона меросининг ажралмас қисмидир. Мардин ошхонаси эса маҳаллий зираворлардан фойдаланиш, гўшт ва мева уйғунлиги ҳамда пазандалик анъаналари билан тобора кенг танилмоқда.

СинеМардин халқаро кинофестивали, Мидят халқаро маданият ва санъат фестивали, Ҳарире узум фестивали ҳамда Мардин Биенналеси каби тадбирлар ҳудуднинг маданий ҳаётини янада бойитади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: