Жисмоний фаоллик кардиомиопатиянинг ирсий хавфини ҳам камайтириши мумкин
Мунтазам жисмоний фаоллик кардиомиопатия ривожланиш хавфи юқори бўлган, ҳатто ирсий мойилликка эга одамларда ҳам юрак-қон томир тизимини ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнайди. Бу ҳақда америкалик тадқиқотчилар ўтказган янги илмий изланишда маълум қилинди. Тадқиқот натижалари American Journal of Preventive Cardiology журналида эълон қилинган.
Кардиомиопатия — бу юрак мушагининг заифлашиши билан кечадиган касалликлар гуруҳи бўлиб, у юракнинг қон ҳайдаш қобилиятини пасайтиради. У оғир ҳолатларда юрак етишмовчилиги ва тўсатдан ўлимга ҳам олиб келиши мумкин. Айрим инсонларда ушбу касалликка нисбатан генетик мойиллик мавжуд бўлиб, илгари бу ҳолат юрак-қон томир касалликлари хавфини деярли олдиндан белгилаб қўяди, деб ҳисобланган.
Тадқиқот доирасида 15 мингдан ортиқ иштирокчининг маълумотлари таҳлил қилинди. Унда жисмоний фаоллик даражаси сўровномалар эмас, балки махсус тақиладиган қурилмалар орқали аниқ ўлчанди. Иштирокчилардан 831 нафарида кардиомиопатия ривожланишига сабаб бўлиши мумкин бўлган генетик вариантлар аниқланган.
Америка соғлиқни сақлаш ташкилотлари тавсиясига кўра, катталар ҳафтасига камида 150 дақиқа ўртача интенсивликдаги ёки 75 дақиқа юқори интенсивликдаги жисмоний фаоллик билан шуғулланиши керак. Ўртача машқларга тез юриш, енгил велосипед ҳайдаш, фаол боғдорчилик ва шу каби ҳаракатлар киради. Югуриш, сузиш, аэробика ва тез велосипед ҳайдаш эса юқори интенсивликдаги машғулотлар ҳисобланади.
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, жисмоний фаоллиги тавсия этилган меъёрдан паст бўлган ва генетик хавфга эга иштирокчиларда юрак-қон томир асоратлари энг юқори даражада кузатилган.
Аксинча, генетик хавф мавжуд бўлса-да, мунтазам жисмоний фаоллик билан шуғулланган одамларда юрак касалликлари хавфи деярли ирсий мойиллиги йўқ, лекин камҳаракат ҳаёт тарзида яшайдиган инсонлар даражасига тушган.
Энг паст хавф эса генетик мойиллиги йўқ ва фаол ҳаёт тарзини олиб борадиган одамларда қайд этилган.
Олимлар фикрича, генетик тест орқали кардиомиопатия хавфи юқори бўлган шахсларни аниқлаш мумкин. Шу билан бирга, мунтазам жисмоний машқлар ушбу касаллик билан боғлиқ оғир асоратлар хавфини камайтиришда самарали профилактика усули бўлиб хизмат қилади.
