Россия ҳудудларининг ярмидан кўпи ёнилғи танқислигига дуч келди
The Bell нашри маълумотларига кўра, Россиянинг 18 та ҳудудида АЁҚШларда ҳайдовчиларга 50 литрдан ёки бир тўла бакдан ортиқ бензин сотилмаяпти. Бошқа қатор ҳудудларда ҳам чекловлар мавжуд, бироқ у ерда битта машинага 50 литрдан кўпроқ ёнилғи сотиб олиш имконияти бор. Жиддий чекловлар асосан Россия томонидан босиб олинган Украина ҳудудларига таъсир кўрсатган.
Украина дронларининг Россия нефтни қайта ишлаш инфратузилмасига уюштирган ҳужумлари сабабли хусусий шахсларга бензин сотишдаги чекловлардан ташқари, Россия биржаларида ёнилғининг улгуржи нархи ҳам турига қараб 30 фоиздан 40 фоизгача ошмоқда. «Energy Intelligence» лойиҳасининг баҳолашича, Украина ҳужумлари туфайли ҳозирда Россияда нефтни қайта ишлаш заводлари қувватларининг деярли учдан бир қисми, кунига 2,14 миллион баррел маҳсулот ишлаб чиқариш тўхтаб турибди.
»Украинанинг Россия энергетика секторига қарши кампанияси кенг кўламли зарар етказди, бунинг натижасида мамлакат ўз тарихидаги энг ёмон ёнилғи инқирози сари бормоқда», — деб таъкидламоқда таҳлилчилар.
