Ядро қуроллари глобал урушдан сақловчи ягона қалқондир
Москвадаги ташқи сиёсат форумида нутқ сўзлаган Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков глобал хавфсизлик тизими емирилаётганини айтди.
«Ҳозирги дунёда бизда ядровий тийиб туриш омилидан бўлак ҳеч нарса қолмади. Бу дунёни глобал урушдан ҳимоя қилаётган ягона восита ҳисобланади», — деди у.
Песковнинг қўшимча қилишича, технологиялар ривожланиши билан ядровий бўлмаган янги турдаги қуроллар пайдо бўлиши аниқ, бироқ вақт ўтиши билан улар ҳам вайронкорлик кучи бўйича ядро қуролларига тенглашиши мумкин.
Россия президенти Владимир Путин Украинага қарши тўрт йиллик уруш давомида бир неча бор ядровий баёнотлар билан чиқди. Бу эса Европа ва АҚШ томонидан потенциал таҳдид сифатида кўрилди.
Россия ва АҚШ ўртасидаги ядро қуролларини назорат қилиш бўйича сўнгги шартнома — New START феврал ойида ўз кучини йўқотди. Бу дунёнинг энг йирик икки ядровий давлати учун чекловларни бекор қилди.
Вашингтон ва Москва юқори даражадаги ҳарбий музокараларни қайта тиклашга келишиб олган бўлса-да, келишувни янгилаш ёки ўзгартириш бўйича ҳозирча ҳеч қандай ҳаракат сезилмаяпти.
