Украина Россияга йирик дрон ҳужумини уюштирди
Украина бугун, 26 июнга ўтар кечаси Россиянинг ўндан ортиқ ҳудуди, аннексия қилинган Қрим ва уларга туташ денгиз ҳудудларига 660 та дрон билан кенг кўламли ҳужум уюштирди. Бу ҳақда “The Moscow Times” хабар берди.
Бу Россиянинг 2022 йил февраль ойида Украинага кенг кўламли бостириб кирганидан буён қайд этилган энг йирик дрон ҳужумларидан бири ҳисобланади. Бундан аввалги рекорд ҳужум жорий йилнинг 17 май куни кузатилган бўлиб, ўшанда Россия 556 та дрон йўқ қилинганини маълум қилган.
Россия ҳужум оқибатлари ҳақида батафсил маълумот бермаган. Бироқ Тула вилоятининг Новомосковск шаҳридаги кимё заводи ҳамда гидроэлектр станцияси ҳужумга учрагани ва уларда ёнғин чиққани ҳақида ҳам хабарлар тарқалган. Мазкур маълумот ҳозирча мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган.
Москва мэри Сергей Собянин пойтахт томон учаётган 47 та Украина дрони уриб туширилганини билдириб, қурбонлар ва жиддий талафот қайд этилмаганини маълум қилган. Шунингдек, Украина Хавфсизлик хизмати Қримнинг Керч портида Россия ҳарбий-денгиз флотига тегишли кемалар ва ҳаво мудофааси радарларига зарба берилганини билдирган. Украина томонининг таъкидлашича, Волга, Вятка ҳамда Петропавловск кемалари нишонга олинган ва ҳужум оқибатида йирик ёнғин юзага келган.
Айни пайтда Россиянинг Украинага берган зарбалари оқибатида камида уч нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, яна 20 киши турли даражада жароҳат олган. Харьков, Киев, Одесса, Запорожье ва Суми вилоятларида турар жойлар ҳамда инфратузилма объектларига зарар етган.
Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотига кўра, ўтган кеча Россия учирган 189 та дрондан 174 таси уриб туширилган. Бироқ учирилган еттита Iskander-M баллистик ракетасининг тўрттаси ҳаво мудофаасидан ўтиб, турли ҳудудларга зарба берган.
