Собиқ биринчи хоним 7 йилга қамалди
Жанубий Кореянинг собиқ президенти Юн Сок Ёлнинг рафиқаси Ким Гон Хи давлат лавозимларига тайинлов эвазига пора олганликда айбдор деб топилиб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, суд Ким Гон Хи оддий фуқаролар умри давомида деярли учратмайдиган қимматбаҳо буюмларни ҳеч қандай иккиланишсиз қабул қилганини маълум қилган. Пора сифатида олинган буюмлар орасида Van Cleef & Arpels маржони, Tiffany броши, Graff сирғалари, Dior сумкаси, қиймати 39 миллион вон (25 минг доллардан ортиқ) бўлган Vacheron Constantin қўл соати, 140 миллион вонлик картина ҳамда олтин тошбақа ҳайкалчаси бўлгани қайд этилган.
Тергов маълумотларига кўра, унга пора берганлар орасида куёвини давлат лавозимига тайинлатмоқчи бўлган қурилиш компанияси эгаси, юқори мартабали амалдорлар билан алоқаларини кенгайтиришни истаган пастор, хусусий университетнинг собиқ раҳбари ҳамда президент хавфсизлик хизматига маҳсулот етказиб беришни кўзлаган компания раҳбари бўлган.
Суд Ким Гон Хига 64,8 миллион вон миқдорида жарима солган ҳамда пора сифатида олинган буюмлар топилган тақдирда уларни мусодара қилишга ҳукм чиқарган.
Ким Гон Хи ўзига қўйилган барча айбловларни рад этган. Унинг адвокати суд ҳукми устидан апелляция шикояти берилишини билдириб, суд айрим далилларни нотўғри баҳолаганини таъкидлаган.
Аввалроқ, собиқ президент оиласига оид коррупция ишини тергов қилган махсус прокурор Мин Чжун Ги бошчилигидаги тергов гуруҳи Ким Гон Хини давлат лавозимларини қимматбаҳо тақинчоқлар ва ҳашаматли совғалар эвазига тақдим этганликда айблаб, унга 7,5 йил қамоқ жазоси тайинланишини сўраган эди.
Суд прокуратура талабини қисман қаноатлантириб, Ким Гон Хига 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Ушбу иш Жанубий Кореяда собиқ президент оиласига нисбатан олиб борилган энг шов-шувли коррупция терговларидан бири сифатида баҳоланмоқда.
