Севастополда қарийб бир ҳафтадан сўнг бензин сотилиши қайта тикланмоқда
Россия томонидан аннексия қилинган Қримнинг Севастопол шаҳрида бензин ва дизел ёнилғиси сотилиши қайта тикланиши кутилмоқда. Ушбу жараён ўтган ҳафтанинг якшанба куни Украина дронларининг ҳужумлари ва ярим оролдаги ёнилғи инқирози фонида тўхтатиб қўйилган эди.
Шаҳар раҳбари Михаил Развожаевнинг маълум қилишича, ёнилғи сотиш тақиқланишидан аввал жорий этилган QR-кодлар тизими асосида амалга оширилади.
QR-кодни олишнинг ягона йўли — «Max» давлат мессенжеридаги махсус ботга кириш ҳисобланади. Шу билан бирга, чекловлар ҳамон ўз кучида қолмоқда — битта машинага фақат 20 литр ҳажмда ёнилғи қуйишга рухсат берилади.
Аввалроқ 21 июн куни аннексия қилинган Қрим раҳбари Сергей Аксенов ярим оролдаги барча ёнилғи қуйиш шахобчаларда «жисмоний ва юридик шахслар учун нақд пул, нақд пулсиз ҳисоб-китоб, шунингдек, талонлар орқали ёнилғи бериш бутунлай тўхтатилганини» эълон қилган эди. Ўшандан бери фақат давлат хизматларига тегишли бўлган автомобилларгина ёнилғи билан таъминлаб келинаётганди.
