Трамп Европа давлатлари АҚШ компаниялари учун рақамли хизматлар солиғини жорий этган тақдирда, уларга 100 фоизлик божлар билан таҳдид қилди
Доналд Трамп ушбу божлар тегишли мамлакатлар билан илгари тузилган ҳар қандай савдо битимларидан устувор аҳамиятга эга бўлишини алоҳида таъкидлади.
«Кўплаб Европа давлатлари яқин орада АҚШ компаниялари учун рақамли хизматлар солиғини жорий этишни муҳокама қилмоқда. Уларнинг баъзилари бундай қарорни қабул қилишга жуда яқин турибди. Ушбу баёнот улар учун огоҳлантириш бўлсин: бундай солиқни жорий этган ҳар қандай мамлакат Қўшма Штатларга етказиб берадиган ҳар қандай товари учун зудлик билан 100 фоизлик божларга дуч келади.
Мазкур божлар ўша давлат билан тузилган ҳар қандай савдо келишувларидан — улар кучга кирганми, имзоланганми ёки йўқми, қатъи назар — устуворликка эга бўлади. Бундан ташқари, агар ушбу мамлакатлар барибир бундай солиқни жорий этишга қарор қилса, 100 фоизлик божлар ҳеч қандай кечиктиришсиз кучга киради», — деб ёзди Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Аввалроқ Трамп Франциянинг рақамли хизматлар солиғига жавобан Эммануэл Макронга француз виноси ва шампан виноси учун 100 фоизлик бож жорий этиш билан таҳдид қилган эди.
Франциядаги мазкур солиқ 2019 йилдан бери амал қилиб келмоқда. У Google, Amazon, Meta, Apple ва Alphabet каби корпорацияларнинг мамлакат ҳудудида кўрган даромадидан 3 фоизлик йиғим ундиришни назарда тутади. Ўтган йили ушбу солиқ Франция бюджетига қарийб 70 миллион доллар даромад келтирганди.
