“Бу мўъжиза”. 70 соат вайроналар остида қолиб кетган бола қутқарилди
Венесуэлада колумбиялик қутқарувчилар вайроналар остидан 11 ёшли болани олиб чиқди. Бу ҳақда Венесуэла Мудофаа вазирлиги ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
Вазирлик маълумотларига кўра, бола вайроналар остида 70 соат қолиб кетган. Қутқарув операциясини USAR COL-1 жамоаси амалга оширган.
“Бу бир мўъжиза! Моисес тирик ҳолда қутқарилди”, дея аниқлик киритган Венесуэла Мудофаа вазирлиги.
24 июнь куни кечқурун Венесуэлада бир дақиқадан камроқ вақт оралиғида магнитудаси 7,2 ва 7,5 га тенг бўлган зилзилалар содир бўлганди. Улар республикада сўнгги юз йил ичида юз берган энг кучли зилзилалардан бирига айланди.
28 июнь ҳолатига кўра, табиий офат қурбонлари сони 1430 нафарга етди. Шунингдек, мамлакат расмийлари бошпанасиз қолган 3142 та оилани қайд этишди, улар учун вақтинчалик бошпаналар ташкил этилиб, зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Венесуэла президенти Родригеснинг маълум қилишича, шифокорлар жабрланган ҳудудларда 12 мингдан ортиқ сайёр консултациялар ўтказишган, 5 мингдан ортиқ киши эса бирламчи тиббий кўрик пунктларида ёрдам олган.
