Буюк Британия мудофаа харажатларини йилига 80 миллиард фунтгача оширмоқда
Буюк Британиянинг амалдаги бош вазири Кир Стармер Лондон 2029 йилга бориб мудофаа харажатларини йилига қарийб 80 миллиард фунт стерлингга (105,85 миллиард доллар) етказишини маълум қилди.
Янги режа доирасида ҳукумат яқин йиллар учун қўшимча 15 миллиард фунт ажратади. Маълумотларга кўра, бу Буюк Британия Қуролли кучларига зарур бўлган 28 миллиард фунтнинг қарийб ярмини ташкил этади.
Қўшимча маблағларнинг 5 миллиард фунтдан ортиғи дронларни ривожлантиришга йўналтирилади. Мамлакат, шунингдек, “гибрид флот” — сувусти ва сувости дронлари ҳамроҳлигидаги ҳарбий кемаларни барпо этади. Қироллик Қуролли кучлари томонидан дронлар ва автоном тизимлардан фойдаланишнинг кенгайтирилиши Украинадаги жанговар ҳаракатлар ҳамда Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши урушидан сабоқ чиқаришга бўлган интилишни акс эттиради.
Стармер 2035 йилга бориб Буюк Британиянинг мудофаа ва миллий хавфсизлик харажатлари улуши ЯИМнинг 4,2 фоизини ташкил этишини қайд этди. Бу АҚШ президенти Доналд Трамп ўтган йилги NATO саммитида алянс аъзолари учун таклиф қилган мақсадли кўрсаткич ҳисобланувчи 5 фоиздан пастроқ.
