Ташиев прокурорларни айбловдан воз кечишга чақирди
Қирғизистоннинг Бишкек шаҳар Биринчи май туман судида ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга тайёргарлик кўриш бўйича жиноят ишини кўриб чиқиш давом этмоқда. Навбатдаги мажлис судя Азирет Медеров раислигида ёпиқ тартибда бўлиб ўтди. Бу ҳақда 24 kg хабар берди.
Адвокат Икромидин Айтқуловнинг маълум қилишича, мажлис давомида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раиси Қамчибек Ташиев давлат айбловчиларига айбловдан воз кечиш таклифи билан мурожаат қилган.
Ҳимоячининг сўзларига кўра, адвокатлар ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган, бироқ прокуратура вакиллари бу таклифга ҳеч қандай муносабат билдирмаган.
Эслатиб ўтамиз, Қамчибек Ташиев 2026 йил 10 февралда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари лавозимидан озод этилган эди. Кейинчалик унга нисбатан “75 лар хати” сифатида маълум бўлган жиноят иши қўзғатилган.
Тергов махсус хизматнинг собиқ раҳбарини ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга тайёргарлик кўриш ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда айбламоқда. У билан бирга судланувчилар курсисида яна етти киши ўтирибди: собиқ бош прокурор Қурманқул Зулушев, Жўқорғу Кенеш (парламент) собиқ спикери Нурланбек Турғунбек ўғли, Бекболот Талғарбеков, Қурсан Асанов, Қурманбек Дийканбаев, Али Қарашев ва Эмил Узоқбоев.
