Жазирама ёзда Туркиянинг салқин масканлари
Дунёнинг кўплаб ҳудудларида кузатилаётган жазирама иссиқ, хусусан, Европада ҳароратнинг кескин кўтарилиши ёзги дам олиш йўналишларига бўлган қизиқишни оширмоқда. Бундай шароитда Туркия нафақат анъанавий соҳил таътили, балки турли табиий манзаралар, маданий мерос ва турли ҳордиқ имкониятларини бирлаштирган сайёҳлик йўналиши сифатида эътибор тортади.
Мамлакатнинг Эгей денгизи соҳиллари ҳамда Турк Ривиераси ёқимли иқлими, мовий денгизи ва тарихий обидалари билан танилган. Шу билан бирга, Туркияда салқин тоғ этаклари, ям-яшил яйловлар, тарихий ва археологик ёдгорликлар, очиқ ҳаводаги саёҳат йўналишлари ҳам мавжуд. Бу эса денгиз бўйидаги ҳордиқни табиат, тарих ва маҳаллий ошхона билан боғлиқ таассуротлар билан уйғунлаштиришга хизмат қилади.
Машҳур Эгей шабадаси
Эгей денгизи соҳилларида ёз фасли салқин денгиз шабадалари, шаффоф сувлар ва жўшқин соҳил ҳаёти билан кечади. Мармарисдан Фетҳиегача чўзилган Муғла ҳудудида бир кунда денгиз бўйида ҳордиқ чиқариш, сокин қўлтиқларни томоша қилиш ва қадимий масканларни кезиш мумкин.
Бодрум мулойим об-ҳавоси, нафис муҳити ва юқори даражадаги хизмат кўрсатиш тизими билан Туркиянинг ҳашаматли дам олиш масканларидан бири саналади. Бу ерда оқ рангли уйлар билан безалган тор кўчаларда сайр қилиш, “Мовий саёҳат” номли денгиз сафарига чиқиб, сокин қўлтиқларни кўриш, денгиз қаърига шўнғиб, ранг-баранг сувости оламини томоша қилиш мумкин. Шунингдек, Эгей ошхонасининг ўзига хос таъмини татиб кўриш, жумладан, Мичелин эътирофига сазовор ресторанларда маҳаллий таомлардан баҳраманд бўлиш мумкин.
Фоча тинч соҳил муҳити, майин шабадаси ва салқин сувлари билан ёзги ҳордиқ учун қулай манзиллардан бири саналади. Чешме яримороли, Алтинкум ва Кожакари соҳиллари ҳамда Деликли кўрфази мунтазам эсиб турадиган денгиз шабадалари, мусаффо сувлари ва нисбатан салқин ҳавоси билан сайёҳалар эътиборида.
Алачатида шамолнинг барқарор эсиши виндсерфинг ва кайтсерфинг каби сув спортлари учун қулай шароит яратади. Тарихий Эфес шаҳрини ёз ойларида кечки салқин пайтда томоша қилиш мумкин. Бундан ташқари, яқин атрофдаги Урла эса маҳаллий маҳсулотларга асосланган таомлари ва Эгей ошхонасининг мавсумий таъмлари билан билан ўзгача таассурот қолдиради.
Шимолий Эгейда ёзги салқинлик
Ёзнинг иссиқ кунларида Шимолий Эгей салқин ҳавоси ва сокин табиати билан ўзига ром этади. Чанаккаледаги Ассоснинг тиниқ сувлари эса ёз мавсумида сузиш ва шўнғиш учун жуда қулай. Соҳилбўйи жазирамасидан узоқлашишни истаганлар учун Ида тоғи ҳам муқобил йўналишдир. Қарағайзорлар, тоғ йўллари ва шаршаралар бу ҳудудда табиат қўйнида мароқли вақт ўтказишга ёрдам беради.
Бўзжаада ва Гўкчеада ороллари сокин қўлтиқлари, салқин шабадалари ва орол ҳаётига хос хотиржам муҳити билан ажралиб туради. Бу ҳудудда тиниқ сувли қўлтиқларда сузиш, сокин қишлоқларни кезиш ёки денгиз бўйида осойишта вақт ўтказиш мумкин. Бўзжаада ва Гўкчеада ёзги дам олишни табиат, денгиз ва сокин муҳит билан уйғунлаштирадиган йўналишлар қаторидан жой олган.
Ўрта ер денгизи соҳилларида ёзги манзара
Турк Ривиераси ёз мавсумида Туркиянинг энг кўп сайёҳ ташриф буюрадиган масканларидан бири ҳисобланади. Қуёшли кунларнинг давомийлиги, денгизнинг мовий туслари ва соҳилбўйи инфратузилмаси ҳудуднинг ёзги қиёфасига ўзига хос жозиба бағишлайди.
Ёз ойларида ҳарорат юқори бўлса-да, денгиздан эсадиган шабада ва сув бўйидаги ҳордиқ иссиқни енгилроқ ҳис қилишга ёрдам беради. Ҳудуддаги табиат билан боғлиқ йўналишлар эса ёзги дам олишни фақат соҳил билан чеклаб қўймайди.
Анталия ёз мавсумида қулай иқлими, ривожланган туризм инфратузилмаси ва денгиз бўйидаги ҳудудлари билан эътибор тортади. Шаҳарга унинг атрофида жойлашган сояли айвонлари, очиқ ҳаводаги ҳордиқ масканлари ҳамда денгиз манзарали ресторанлари янада файз бағишлайди. Шунингдек, Анталия дунёда “Мовий байроқ” мақомига эга соҳиллари сони бўйича етакчи ҳудудлардан биридир.
Ўрта ер денгизи соҳиллари фаол ҳордиқ машғулотлари билан машҳур. Жумладан, сокин қўлтиқлар бўйлаб қайиқда сайр қилиш, Каш ҳудудида дайвинг билан шуғулланиш ёки Кекова атрофида денгиз кемаларида сузиш мумкин. Кекова, айниқса, сув остида қолган қадимий шаҳар қолдиқлари билан тарихий ва табиий манзара уйғунлигини намоён этади.
Қуруқлик қисмида жойлашган Караин ва Дамлаташ ғорлари ёзнинг иссиқ пайтида салқин муҳити билан ўзига тортади. Бу ғорларда ҳарорат йил давомида тахминан 18–22 даража атрофида сақланади. Шунингдек, Кўпрулу дарасининг совуқ сувлари ҳам ёзги иссиқдан сақланиш учун муқобил йўналишлардан бири саналади.
Торос тоғлари томон кўтарилган сари ҳаво янада салқинлашади. Тоғли ҳудудлардаги яйловлар, мусаффо ҳаво ва пиёда сайр йўналишлари Анталияда ёзги ҳордиқни фақат денгиз ва соҳил билан чеклаб қўймаслик мумкинлигини кўрсатади.
Анъанавий ёзги таътилдан фарқли тажриба излайдиганлар учун Туркиянинг Қора денгиз соҳиллари ҳам энг муқобил манзиллардан биридир. Ушбу ҳудуд National Geographicнинг “Best of the World 2026” рўйхатида қайд этилган бўлиб, у кислородга бой салқин ҳавоси, улуғвор тоғлари, кенг яйловлари ва ям-яшил манзаралари билан сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда.
