Қирғизистон-Ўзбекистон чегара ўтказиш пунктларида махсус амалиётда 27 нафар чегара ходими қўлга олинди
Қирғизистоннинг Боткен вилоятида жойлашган “Қадамжой-автойўл” ва “Чашма-автойўл” чегара ўтказиш пунктларида ўтказилган махсус амалиёт давомида коррупцияга алоқадорликда гумон қилинган 27 нафар шахс ушланди.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, 5 июл куни кечқурун Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг (ДМХҚ) Боткен вилояти бошқармаси ходимлари ҳамда “Алфа” махсус бўлинмаси чегара хизмати, божхона ва ветеринария хизмати ходимларини қўлга олган.
Манбаларнинг билдиришича, операция вақтида “Қадамжой-автойўл” ўтказиш пунктида навбатчилик қилаётган ҳарбий тўрт марта ўқ узган. Шунингдек, яна бир ҳарбий хизматчи ҳавога огоҳлантирувчи ўқ узгани айтилмоқда. Ҳозирда қурол ишлатиш ҳолати ва унинг қонунийлиги ўрганилмоқда.
Тинтувлар давомида чегара хизмати ходимларидан 38,5 минг қирғиз соми, 5 миллион 484 минг ўзбек сўми, шунингдек, хизмат автомобилидан яна 200 минг ўзбек сўми топилган. Божхона ходимларидан эса 100 минг сом ва АҚШ долларидаги нақд маблағлар мусодара қилинган. Уларнинг аниқ миқдорига ойдинлик киритилмоқда. Бундан ташқари, икки дона АК-74 автомати, икки ўқдон ва 60 дона ўқ-дори мусодара қилинган.
Тергов ҳаракатлари вақтида икки ўтказиш пункти фаолияти вақтинча тўхтатилган. Бу эса чегарада тахминан 3 минг нафар йўловчи ва 400 та автомобил тўпланишига сабаб бўлган. Кейинчалик “Қадамжой-автойўл” ўтказиш пункти орқали ҳаракат қайта тикланган.
