Ёқилғи инқирози Россияни Ҳиндистондан бензин излашга мажбур қилди

Ёқилғи инқирози Россияни Ҳиндистондан бензин излашга мажбур қилди

Россияда юзага келган ёқилғи тақчиллиги мамлакатни бензин импортини кенгайтиришга ундамоқда. Шу мақсадда қабул қилинган янги солиқ ўзгаришлари бензин ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, нефтни қайта ишлаш заводларини қўллаб-қувватлаш ҳамда Евроосиё иқтисодий иттифоқидан ташқари давлатлар, аввало Ҳиндистондан ёқилғи импорт қилиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Россия президенти Владимир Путин ички ёқилғи бозорини барқарорлаштиришга қаратилган Солиқ кодексига ўзгартишлар тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳужжат расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди ва 2026 йил 1 июндан бошлаб юзага келган муносабатларга нисбатан кучга кирди.

Қонуннинг асосий янгиликларидан бири — тўғридан-тўғри ҳайдалган бензинни бошқа компонентлар билан аралаштириш орқали олинадиган юқори октанли бензин учун акциз механизмини жорий этишдир. Энди бундай ишлаб чиқариш тўлиқ нефтни қайта ишлаш жараёнига тенглаштирилади. Нефт хомашёсини қайта ишлаш бўйича гувоҳномага эга корхоналарга акциз чегирмалари берилади. Бу эса янги нефтни қайта ишлаш заводларини қурмасдан туриб ҳам қўшимча ҳажмда ёқилғи ишлаб чиқаришни рағбатлантириши кутилмоқда.

Шунингдек, модернизация дастурларини амалга ошираётган нефтни қайта ишлаш заводлари учун инвестиция шартномалари доирасида ускуналарни ишга тушириш муддати 2026 йил 31 декабрга қадар узайтирилди. Минимал инвестиция ҳажми эса 60 миллиард рублдан 100 миллиард рублга оширилди.

Қонунга киритилган яна бир муҳим ўзгариш ёқилғи демпфери механизмига тааллуқли. Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларидан келтириладиган бензин учун компенсация коэффициенти 0,9 этиб белгиланди. Иттифоқдан ташқари давлатлардан импорт қилинадиган ёқилғи учун эса Ҳиндистон бозори нархларига асосланган алоҳида ҳисоб-китоб тизими жорий этилмоқда. Россия Федерал антимонопол хизмати Ҳиндистон портларидан етказиб бериш харажатларини инобатга олган ҳолда ориентир нархни белгилайди.

Россия қонунчилигида Ҳиндистон бозорига оид индикаторнинг пайдо бўлиши мамлакатнинг муқобил таъминот манбаларига юзланаётганини кўрсатади. 2022 йилдан буён Ҳиндистон Россия нефтининг энг йирик харидорига айланган бўлса, ҳозирда унинг нефт маҳсулотлари Европа етказиб беришлари ўрнини босиши мумкин бўлган импорт манбаи сифатида кўрилмоқда.

Қонун Россиянинг 20 дан ортиқ ҳудудини қамраб олган йирик ёқилғи инқирозидан кейин қабул қилинди. Айрим маълумотларга кўра, муаммо мамлакатнинг 56 та субъектига таъсир кўрсатган. Мақолада таъкидланишича, ёқилғи тақчиллигининг асосий сабабларидан бири Украина дронларининг Россия нефтни қайта ишлаш заводларига берган зарбалари бўлган. Украина Қуролли кучлари Бош штаби баҳосига кўра, мамлакат нефтни қайта ишлаш қувватларининг 42,74 фоизи ишдан чиққан.

«Роснефть» раҳбари Игорь Сечин Владимир Путинга йўллаган мактубида заводларга етказилган зарар «мисли кўрилмаган даража»га етганини ҳамда санкциялар сабабли зарур эҳтиёт қисмларни сотиб олиш имкони йўқлигини маълум қилган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: