Рамзан Қодиров яна Чеченистон раҳбарлигига номзод этиб кўрсатилди
Рамзан Қодиров бўлажак Чеченистон раҳбари сайловларида «Единая Россия» партиясидан номзод этиб кўрсатилди. Бу қарор Грознийдаги партиянинг ҳудудий бўлими конференциясида бир овоздан қабул қилинди.
Қодировнинг ўзи эса бу қарордан мамнун эмаслигини айтди.
«Ростини айтсам, сайловда қатнашишимдан хурсанд эмасман. Агар мендан сўрашса, бошқа номзодни танлаган бўлардим. Чунки бу жуда катта масъулият ва қанчалик мураккаб вазифа эканини яхши биламан. Республикага жуда катта меҳнат сарфланди. Бугун бизда жамоа шаклланган ва у яхши соат каби ишламоқда», — деди у.
Қодировнинг сўзларига кўра, у сайловда мажбуран иштирок этмоқда.
«Халқ мени қўллаб-қувватлашига ишонаман. Агар халқ қўлласа, унга хизмат қилишга тайёрман», — дея қўшимча қилди у.
Рамзан Қодиров 2007 йилдан буён Чеченистонга раҳбарлик қилиб келади. 2021 йилда ўтказилган сўнгги раҳбар сайловларида Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, у 99,7 фоиз овоз олган.
