Саудия ўзбекистонлик шифокорларга иш таклиф қилмоқда
Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатдаги хусусий тиббиёт муассасалари учун ўзбекистонлик шифокор ва ҳамшираларни жалб этиш ташаббусини илгари сурди. Бу масала Ўзбекистоннинг Ар-Риёздаги элчихонаси дипломатлари ҳамда вазирлик Кадрлар бошқармаси бошлиғи, «Vigour Locomotion Medical Center» тиббий реабилитация маркази бошқарув директори Вадҳа бинт Саад ал-Ҳажрий иштирокидаги учрашувда муҳокама қилинди.
Саудия томони маълумотига кўра, мамлакат хусусий касалхоналари ва тиббиёт марказларида қарийб 4,5 минг нафар хорижий шифокор ва ҳамширага эҳтиёж мавжуд. Шу муносабат билан биринчи босқичда 100 нафар ўзбекистонлик мутахассисни ишга қабул қилиш таклифи билдирилди.
Таклиф этилаётган меҳнат шартларига мувофиқ, иш берувчи ходимларнинг иқомаси (расмий яшаш ва ишлаш рухсатномаси), турар жойи, ички транспорт харажатлари, тиббий суғуртаси ҳамда йиллик авиачипта харажатларини тўлиқ қоплаб беради.
Маълум қилинишича, ёш шифокорлар учун ойлик иш ҳақи 4 500–5 600 саудия риали, тажрибали мутахассислар учун 5 600–9 300 саудия риали, ҳамширалар учун эса 3 000–3 750 саудия риали этиб белгиланган.
Эҳтиёж асосан оилавий шифокорлар, акушер-гинекологлар, физиотерапевтлар, дерматологлар, болалар психологлари ҳамда юз-жағ жарроҳлари каби мутахассисликлар бўйича шаклланган.
Саудия томони ўзбекистонлик тиббиёт ходимларининг касбий маҳорати, меҳнатсеварлиги ва интизомини юқори баҳолаб, инглиз тилини яхши биладиган ҳамда касбий этика қоидаларига қатъий амал қиладиган мутахассисларга талаб юқори эканини таъкидлади.
Учрашувда Ар-Риёз провинциясида замонавий кўп тармоқли соғломлаштириш тиббиёт марказини қуриш лойиҳаси ҳам тақдим этилди. Саудия томони ушбу лойиҳада ўзбекистонлик инвесторларни иштирок этишга таклиф қилди.
Лойиҳа амалга оширилса, Ўзбекистондан қурувчилар, муҳандислар, электриклар, сантехниклар, дурадгорлар, ҳайдовчилар ва бошқа соҳалар мутахассисларини жалб қилиш, кейинчалик эса янги санаторий фаолияти учун қўшимча иш ўринлари яратиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, Вадҳа бинт Саад ал-Ҳажрий июль ойи охирида Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш вазири бошчилигидаги делегация таркибида Ўзбекистонга ташриф буюришини маълум қилди.
