Россиянинг айрим ҳудудларида бензин танқислиги кучаймоқда

Россиянинг айрим ҳудудларида бензин танқислиги кучаймоқда

Бензин ва дизель ёқилғиси танқислиги сабабли Россиянинг бир қатор ҳудудларида маҳаллий ҳокимият аҳоли ва ташкилотларга чекловчи тавсиялар бермоқда.

Новосибирск вилояти ҳокимияти корхоналарга ходимларни масофавий иш режимига ўтказишни, аҳолига эса шахсий автомобиллардан имкони борича камроқ фойдаланишни тавсия қилди. Вилоятда 8 июлдан бошлаб юқори тайёргарлик режими жорий этилган.

Томск вилоятида эса амалдорларга йиғилишларни кўпроқ онлайн форматда ўтказиш тавсия этилди. Бу ҳақда вилоят губернаторининг ўринбосари Ольга Крилова маълум қилди.

Иркутск вилоятида эса ёқилғи қуйиш шохобчаларида электрон навбат тизимини жорий этиш имконияти ўрганилмоқда. Губернатор Игорь Кобзевнинг айтишича, бу ҳайдовчиларга олдиндан навбатга ёзилиб, белгиланган вақтда ёқилғи қуйиш имконини беради.

Аввалроқ «Можем объяснить» нашри Т-Банк мижозларининг тахминан 20 мингта ёқилғи қуйиш шохобчасидаги транзакцияларига асосланган ёқилғи мавжудлиги харитасини таҳлил қилди.

Таҳлилга кўра, Кабардин-Балқария, Ингушетия, Чеченистон, Доғистон, Магадан вилояти ва Чукоткада аҳоли учун очиқ бўлган бирорта ҳам бензин мавжуд ёқилғи қуйиш шохобчаси қолмаган. Бошқа кўплаб ҳудудларда эса ёқилғини фақат вилоят марказларида топиш мумкин.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: