«ПСЖ» Nike билан янги рекорд даражадаги шартномага яқин турибди

«ПСЖ» Nike билан янги рекорд даражадаги шартномага яқин турибди

«ПСЖ» Nike билан шартномани беш йилга узайтиришга яқин турибди.

Янги келишувга кўра, Париж клуби йилига тахминан 100 миллион евро олади.

Томонлар ўртасидаги музокаралар 2024/25 йилги мавсум охирида Луис Энрике қўл остидаги жамоанинг Чемпионлар лигасидаги ғалабасидан сўнг бошланганди. Ўшанда «ПСЖ» президенти Носир Ал-Хелайфи раҳбариятга 1989 йилдан буён парижликларнинг техник ҳамкори бўлган Nike билан ҳамкорлик шартларини қайта кўриб чиқишни топширган эди. Томонлар ўртасидаги амалдаги шартнома 2032 йилгача мўлжалланган.

L’Équipe маълумотларига кўра, парижликлар Америка компанияси билан ҳамкорликни яна беш мавсумга — 2037 йилгача узайтириш бўйича принципиал келишувга эришди. Шу тариқа, янги битим амалдаги шартнома муддати тугашига олти йил қолганда имзоланади.

Амалдаги шартномага кўра, Париж клуби Nike’дан йилига тахминан 60 миллион евро олади, янги битим эса ҳар йили тахминан 100 миллион евро келтиради.

Ушбу келишув туфайли «ПСЖ» энг даромадли ҳамкорлик шартномаларига эга клублар қаторига киради. Бу рўйхатдаги етакчилардан бири 2024 йил ноябрида Nike билан ҳамкорликни 2038 йилгача узайтирган «Барселона» бўлиб қолмоқда. Испания ОАВ маълумотларига кўра, битимнинг умумий қиймати тахминан 1,7 миллиард еврони ташкил этган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: