Қуёшдаги энг йирик фаол ҳудудлар заифлашмоқда

Қуёшдаги энг йирик фаол ҳудудлар заифлашмоқда

Европанинг Solar Orbiter космик аппарати узоқ вақтдан бери илк бор Қуёшнинг Ерга кўринмайдиган томонини кузатишга муваффақ бўлди. Кузатувлар натижасида олимлар сўнгги ойларда диққат билан назорат қилиб келган улкан фаол ҳудудлар тез суръатларда кучсизланаётганини аниқлади. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.

Кузатув вақтида Solar Orbiter Қуёшнинг Ерга қарама-қарши томонида жойлашган бўлиб, Ердаги телескоплар кўра олмайдиган ҳудудларни тасвирга олди. Айнан шу ерда яқин вақтгача сўнгги йиллардаги энг йирик фаол зоналар ҳисобланган 4478 ва 4479 ҳудудлари жойлашган эди.

Олимларнинг таъкидлашича, атиги икки ҳафта аввал ўн йилликдаги иккинчи энг йирик фаол ҳудуд бўлган 4478-зона сезиларли даражада заифлашган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, ушбу ҳудуд Ер томонга қайта бурилгунига қадар бутунлай йўқолиб кетиши ҳам мумкин. Айни пайтда 4479-зона ҳали ҳам фаоллигини сақлаб қолмоқда.

Мутахассислар ҳозир Қуёшда ғайриоддий сокинлик даври кузатилаётганини қайд этди. Ҳатто Solar Orbiter бортидаги рентген датчиклари ҳам ҳеч қандай сезиларли чақнашларни қайд этмаган.

Эслатиб ўтамиз, май ойида олимлар Қуёшнинг тескари томонида улкан фаол ҳудудни аниқлаб, уни 2024 йилда кучли магнит бўронларини келтириб чиқарган шунга ўхшаш тузилма билан таққослаган эди. Дастлаб ушбу ҳудуд Ер томонга бурилгач, кучли Қуёш чақнашлари манбаи бўлиши кутилган. Бироқ сўнгги кузатувлар унинг фаоллиги кескин пасайганини ва Қуёшда кутилганидан анча сокин вазият сақланаётганини кўрсатди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: