Анталияда маданий мерос туризми янги босқичга кўтарилмоқда
Маданий мерос туризмига бўлган глобал қизиқиш йилдан йилга ортиб бормоқда. 2025 йилда маданий мерос йўналишидаги турлар умумий туризм бозорининг 55,6 фоизини ташкил этди. Бу кўрсаткич тарих, меросни асраш ва маданиятни улуғлайдиган мазмунли саёҳатга талаб кучайиб бораётганини кўрсатади.
Мутахассисларнинг фикрича, ушбу йўналиш келгуси йилларда ҳам жадал ривожланишда давом этади. Прогнозларга кўра, маданий мерос туризми бозори 2026 йилдаги 647,5 миллиард АҚШ долларидан 2033 йилга бориб 937 миллиард АҚШ долларигача етиши мумкин. Бу даврда соҳанинг йиллик ўртача ўсиш суръати 5,4 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.
Сўнгги йилларда Туркия инсониятнинг муштарак тарихини кашф этишда етакчи сайёҳлик йўналишларидан бири сифатида эътибор қозонмоқда. Бу юртда дунёдаги энг қадимий инсон қўли билан яратилган монументал мажмуалардан бири — Гўбеклитепадан тортиб, Ғарб цивилизациясининг буюк афсоналарига илҳом берган Троя шаҳригача бўлган ноёб тарихий мерос билан яқиндан танишиш мумкин.
Туркия бугун ўз маданий бойликларини келажак авлодлар учун асраб-авайлаш билан бирга, сайёҳлар учун янада мазмунли ва таассуротларга бой тажриба яратишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу мақсадда мамлакат бўйлаб реставрация ва консервация лойиҳалари изчил амалга оширилмоқда. Сўнгги ташаббуслар орасида Андриаке археологик ёдгорлиги ва Ликия цивилизациялари музейида олиб борилган тиклаш ишлари, шунингдек, Седра ташриф буюрувчилар марказининг очилиши алоҳида ўрин тутади.
Кенг кўламли таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларидан сўнг Анталиянинг Демре туманида, Турк Ривиерасининг юрагида жойлашган Андриаке ҳамда Ликия цивилизациялари музейи яна ташриф буюрувчилар учун очилди. Айни пайтда Анталиянинг энг машҳур дам олиш масканларидан бири — Аланияда жойлашган Седра ҳам янги ташриф буюрувчилар маркази орқали меҳмонларни қабул қила бошлади.
Андриаке ва Ликия цивилизациялари музейи қадимги Ликияга янгича нигоҳ билан қараш имконини беради.
Андриаке эллинистик, Рим ва Шарқий Рим даврларида ҳам минтақанинг асосий портларидан бири сифатида ўз мавқеини сақлаб қолган. Бугун Андриаке ташриф буюрувчиларга қадимги Ликиянинг бой тарихи ва денгизчилик маданиятини яқиндан ҳис қилиш имконини беради. Қадимий бандаргоҳнинг жанубий қисмида жойлашган яхши сақланган харобалар мажмуанинг тарихий аҳамиятини яққол намоён этади. Бу ерда бир вақтлар шаҳарга тоза сув етказиб берган акведук, Рим даврига оид маҳобатли фаввора — нимфей, Бандаргоҳ кўчаси, кўча бўйлаб қисман сақланиб қолган кема бошпаналари ҳамда Плакома номи билан машҳур агора алоҳида эътибор тортади. Ушбу обидалар Андриакенинг нафақат савдо ва денгизчилик маркази, балки қадимги Ликия ҳаётининг муҳим маданий маконларидан бири бўлганини кўрсатади.
Андриаке, шунингдек, Туркиянинг илк узоқ масофали пиёда йўли Ликия бўйлаб жойлашгани билан ҳам аҳамиятлидир. Ушбу йўналиш Time Out каби етакчи халқаро нашрлар томонидан дунёнинг энг гўзал пиёда маршрутларидан бири сифатида эътироф этилган. Яқинда эса Тhe Тelegraph нашрининг “Европадаги энг яхши 15 пиёда саёҳат йўналиши” рўйхатидан ҳам жой олди.
Тиклаш ва ободонлаштириш ишлари доирасида археологик ҳудуднинг тарихий қиёфасини сақлаган ҳолда, ёғоч тўсинлар ва майдаланган гранит тошлардан экологик тоза пиёда йўлаклари барпо этилди. Бу йўлаклар ташриф буюрувчиларга мажмуани янада қулай томоша қилиш, қадимги Ликия денгизчилик меросини эса чуқурроқ ҳис этиш имконини беради.
Пиёда йўлак якунида, археологик ҳудуд ичида жойлашган қадимий дон омбори — Гранариум биносида Ликия цивилизациялари музейи ташриф буюрувчиларни кутиб олади. Реставрация қилинган ушбу тарихий иншоот сўнгги янгиланишлардан сўнг замонавий кўргазма майдонларига эга музей сифатида янги қиёфа касб этди.
Музей экспозициясида қадимги Ликия шаҳарларида олиб борилган қазишмалар давомида аниқланган осори-атиқалар намойиш этилмоқда. Ҳайкаллар, саркофаглар, битиклар, тангалар ва бошқа ноёб топилмалар замонавий кўргазма залларида жойлаштирилиб, ташриф буюрувчиларга Ликия ҳаёти, маданияти ва санъати ҳақида кенг тасаввур беради.
Музейнинг сўнгги йиллардаги энг эътиборли экспонатлари орасида 2024-йилда Андриакеда топилган шиша панеллар ва розеткалар алоҳида ўрин тутади. Миллефиори, яъни “минг гул” техникаси билан безатилган ушбу топилмалар қадимги Онадўлида шишасозлик санъати юксак даражада ривожланганидан дарак беради.
Седрада янги ташриф буюрувчилар маркази иш бошлади.
Седра маҳаллий аҳоли орасида Асартепе номи билан танилган тепалик чўққисида барпо этилган бўлиб, у ердан Ўрта ер денгизининг бетакрор манзаралари намоён бўлади. Археологик қазишмалар шаҳар тарихи милоддан аввалги IХ асрга бориб тақалишини кўрсатади. Седранинг энг равнақ топган даврлари эса Рим ва Шарқий Рим ҳукмронлиги йилларига тўғри келади. Бугунги кунгача сақланиб қолган кўплаб тарихий иншоотлар ҳам айнан шу даврлар мероси ҳисобланади.
Устунли кўча, Катта ҳаммом, Мажлис биноси ва Сувга чўқинтириш ғори каби ёдгорликлар Седранинг тарихий қиёфасини очиб беради. Шу билан бирга, шаҳар ўзининг ҳайратланарли табиий манзаралари билан ҳам ўзига жалб этади.
Катта ҳаммомдан топилган машҳур Седра мозаикаси қадимги мозаика санъатининг ноёб намуналаридан бири саналади. Унда Гераклнинг барча меҳнатлари битта панелда тасвирлангани ушбу топилманинг илмий ва бадиий аҳамиятини янада оширади.
“Келажак учун мерос” лойиҳаси доирасида Седрада олиб борилган қазишма ва реставрация ишлари билан бир қаторда ҳудудда ободонлаштириш тадбирлари ҳам амалга оширилди. Натижада мажмуа янги ташриф буюрувчилар марказига эга бўлди. Янгиланган қиёфаси билан Седра эндиликда ҳар куни соат 09:00 дан 18:00 гача меҳмонларни қабул қилади.
