Ичимлик ва оқова сув хизматларини яхшилаш бўйича устувор вазифалар белгиланди

Ичимлик ва оқова сув хизматларини яхшилаш бўйича устувор вазифалар белгиланди

Президент Шавкат Мирзиёев ичимлик ва оқова сув хизматларини янада яхшилаш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди.

Сўнгги йилларда соҳага жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10 карра ошиб, 2,7 миллиард долларга етди. Натижада аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 2017 йилдаги 63 фоиздан қарийб 83 фоизга кўтарилди.

Шу даврда 7,7 миллион аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди, 11 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланди, яна 1,1 миллион киши канализация тизимига уланди. 39 минг километр ичимлик суви ва 3,2 минг километр оқова сув тармоқлари қурилиб, реконструкция қилинди. 3,4 мингта ичимлик суви иншооти, 295 та оқова сув иншооти ва насос станцияси барпо этилди ёки янгиланди.

Келгуси йилларда ичимлик суви таъминотини 90 фоизга, шаҳарларда канализация хизмати қамровини 80 фоизга етказиш мақсад қилинган. Бунинг учун қўшимча 1,3 миллиард доллар инвестиция жалб этилиши кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбари эришилган натижалар билан бирга лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда бартараф этиш тизими ҳали талаб даражасида эмаслигини кўрсатиб ўтди.

Хусусан, Андижон шаҳридаги канализация тизимида юзага келган муаммоларни бартараф этиш учун 107 миллиард сўм ажратилди. Сергели туманида ёқимсиз ҳид тарқалишининг олдини олиш мақсадида замонавий фильтрларни ўрнатиш ишлари бошланди.

Сурхондарё вилояти аҳолисини Тўпаланг сув омборидан ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаси доирасида Термиз шаҳригача тармоқ тортиб келинди. Йил якунига қадар Шеробод, Музработ, Ангор ва Жарқўрғон туманларига ҳам сув етказиб берилиши белгиланди.

Тақдимотда ҳудудлардаги энг долзарб масалаларни ҳал қилишга қаратилган аниқ вазифалар кўрсатиб ўтилди. Жумладан, 513 та маҳаллага марказлашган ичимлик сувини олиб бориш, яна 3 мингта маҳаллада таъминот сифатини яхшилаш зарурлиги таъкидланди.

Ичимлик сувини хонадонгача етказиш ишларини тўлиқ якунлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда 232 мингта сув колонкаси ўрнига тармоқларни бевосита уйларгача тортиш кўзда тутилган.

Йил якунига қадар умумий қиймати 600 миллион долларлик ишлар амалга оширилади. Уларнинг доирасида 1,6 минг километр ичимлик суви ва 387 километр канализация тармоғи, 80 та сув ҳамда 29 та оқова сув иншооти қурилади.

Натижада 107 та маҳалладаги 310 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланади, 453 та маҳаллада истиқомат қилувчи 2,5 миллион аҳоли учун сув таъминоти яхшиланади.

Қашқадарё вилоятида “Ҳисорак” сув омборидан ичимлик суви олиб келиш лойиҳасини жадаллаштириш вазифаси қўйилди. Қиймати 217 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳа Қамаши, Ғузор ва Қарши туманлари ҳамда Қарши шаҳридаги 1,1 миллион аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш имконини беради.

Мутасаддиларга лойиҳанинг техник-иқтисодий ҳисоб-китоблари экспертизасини қисқа муддатда якунлаш ва молиялаштириш манбасини аниқлаш топширилди.

Шунингдек, Фарғона, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида ичимлик ва оқова сув тизимларини ривожлантириш бўйича қарз ва грант битимларини имзолаш, пойтахтда янги канализация иншоотини қуриш лойиҳаси юзасидан якуний хулоса киритиш вазифалари белгиланди.

1 сентябрга қадар умумий қиймати 317 миллион долларлик 6 та лойиҳа бўйича хорижий ҳамкорлар билан музокараларни якунлаш ва молиялаштириш манбаларини белгилаш зарурлиги қайд этилди.

Сув таъминоти корхоналарининг молиявий барқарорлигини таъминлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Амалдаги тарифлар хизматларнинг ҳақиқий таннархини тўлиқ қопламаётгани, ҳудудлар кесимида кескин фарқлар мавжудлиги соҳанинг инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.

Шу муносабат билан ичимлик сувини ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказиб бериш вазифаларини ажратиш, Магистрал сув таъминоти корхонасини ташкил этиш таклиф қилинди. У ҳудудий корхоналарга ичимлик сувини ягона улгуржи тариф асосида етказиб беради.

Ичимлик ва оқова сув хизматлари тарифларини шаффоф ва иқтисодий асосланган мезонлар асосида белгилаш учун Идоралараро тариф комиссиясини ташкил этиш, 2027 йил 1 апрелдан бюджет ташкилотлари учун ягона тарифни жорий қилиш вазифаси қўйилди.

Демографик ва иқтисодий ўсиш натижасида 2030 йилга бориб, мамлакатимизда ичимлик суви истеъмоли ҳозирги 941 миллион куб метрга нисбатан яна 230 миллион куб метрга ортиши кутилмоқда. Бу сув ресурсларини аниқ ҳисобга олиш ва йўқотишларни камайтиришни тақозо этади.

Шу боис, истеъмолчилар билан ҳисоб-китобларни тўлиқ онлайн тизимга ўтказиш, шаҳар ва туман марказларидаги барча истеъмолчилардан масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичларини ўрнатиш белгиланди.

Сув иншоотлари ва тармоқларининг рақамли харитасини яратиш, бошқарувга “SCADA”, “GIS”, телеметрия ва ягона биллинг тизимларини кенг жорий этиш орқали сув йўқотишларини 35 фоиздан 25 фоизга тушириш вазифаси қўйилди.

Соҳада сунъий интеллект асосида насос ускуналарининг ишини таҳлил қилиш, авариялар ва сув оқишини олдиндан аниқлаш, истеъмол ҳажмини прогнозлаш ҳамда аҳоли мурожаатларини тезкор кўриб чиқишга қаратилган лойиҳалар ҳам тақдимот қилинди.

Кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университетида алоҳида факультет очиш таклифи қўллаб-қувватланди. Шунингдек, ҳудудлардаги техникумлар базасида ичимлик ва оқова сув йўналишида дуал таълимни йўлга қўйиш вазифаси белгиланди.

Президентимиз тақдимот якунида лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, хизматлар қамровини кенгайтириш, корхоналар молиявий барқарорлигини таъминлаш, соҳани рақамлаштириш ва аҳоли учун қулайликларни ошириш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: