Давлат бюджетини тузиш ва ижро этиш тартиби такомиллаштирилди
Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини тузиш ва ижро этиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги идоравий ҳужжатни (рўйхат рақами 3558-5, 27.07.2026 й.) давлат рўйхатидан ўтказди.
Мазкур ўзгартиришлар Бюджет кодексига киритилган нормалар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра:
маҳаллий бюджетларни режалаштиришда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг роли кучайтирилиб, даромадлар прогнози, харажатларнинг дастлабки миқдорлари ва бюджетлараро трансфертлар бўйича таклифларни шакллантиришдаги вазифалари белгиланди;
бюджет сўровларидаги асоссиз ёки самарадорлиги паст харажатларни қисқартириш механизми жорий этилди. Тегишли ташкилотлар билдиришнома олганидан кейин 3 иш куни ичида янгиланган бюджет сўровини тақдим этади;
бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг ривожлантириш дастурлари камида 3 йилга тузилиб, уларда аниқ натижа кўрсаткичлари ва кутилаётган ижтимоий-иқтисодий самарадорлик белгиланади;
маҳаллий бюджетларга бюджет ссудаси ажратиш тўғрисидаги талабнома 5 иш куни ичида кўриб чиқилади. Натижаси бўйича аризачига 1 иш куни ичида хабар берилади;
давлат молияси барқарорлигини баҳолаш учун умумий фискал балансни шакллантириш ва ҳисоблаш тартиби белгиланди.
Мазкур ўзгартиришлар бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланишга хизмат қилади.
