Ироқ АҚШ ва Саудия Арабистони устидан судга мурожаат қилади

Ироқ АҚШ ва Саудия Арабистони устидан судга мурожаат қилади

Бағдод мамлакат ҳудудига берилган зарбалардан сўнг суд даъволарини тайёрлашни бошлади. Эронга яқин қуролли тузилмалар эса ҳукумат чора кўрмаса, жавоб ҳужумлари билан таҳдид қилди.

Ироқ Бош вазири Али аз-Заиди мамлакат ҳудудига берилган зарбалардан кейин Ташқи ишлар вазирлигига АҚШ ва Саудия Арабистонига қарши ҳуқуқий жараёнларни бошлашни топширди. Ироқ ҳарбий идораси маълумотига кўра, тегишли қарор Миллий хавфсизлик кенгаши томонидан қабул қилинган бўлиб, барча ҳаракатлар халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низоми доирасида амалга оширилиши белгиланган.

АҚШ ва Саудия Арабистонининг зарбалари Эрон қўллаб-қувватлайдиган қуролли тузилмалар томонидан Америка кучлари ҳамда Саудиянинг нефть инфратузилмасига қилинган ҳужумлардан сўнг Ироқнинг шимоли ва жанубидаги бир нечта ҳудудга берилган. «Ҳашд аш-Шаабий» маълумотига кўра, ушбу зарбалар оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлган, яна 32 киши жароҳат олган.

Эронга яқин қуролли гуруҳларни бирлаштирувчи «Ироқ қаршилиги» АҚШни «Ҳашд аш-Шаабий» жангчилари ва Карбалога кетаётган зиёратчилар колоннасига ҳамроҳлик қилган карвонга зарба беришда айблади. Ташкилот, шунингдек, Саудия Арабистонини АҚШнинг иттифоқчиси сифатида ҳаракат қилганини таъкидлади.

Гуруҳ Ироқ ҳукуматига 7 августгача муносабат билдириш учун муддат берди. Агар расмийлар чора кўрмаса, ташкилот мустақил равишда ҳаракат қилишини ва АҚШга қарши эҳтимолий жавоб зарбалари Саудия Арабистони ҳудудидаги объектларга ҳам таъсир қилиши мумкинлигини билдирди. Шу билан бирга, улар яқинлашаётган Арбаин зиёратига тўсқинлик қилиш нияти йўқлигини таъкидлади.

Ироқ парламенти спикери Ҳайбат ал-Ҳалбусий АҚШ ва Саудия Арабистонининг зарбаларини қоралаб, ҳукуматни воқеа юзасидан ҳар томонлама тергов ўтказишга ҳамда мамлакат суверенитетини ҳимоя қилиш учун барча дипломатик ва ҳуқуқий чораларни кўришга чақирди. Шу билан бирга, у Ироқ ҳудудидан қўшни давлатларга ҳужум уюштиришда фойдаланган шахсларни аниқлаш ва жавобгарликка тортишни талаб қилди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: