Покистондаги терактда ҳалок бўлганлар сони 14 нафарга етди
Покистоннинг шимоли-ғарбида жойлашган полиция бўлими яқинида содир этилган худкуш террорчилик ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганлар сони 14 нафарга етди. Яна 21 киши турли даражада тан жароҳати олди.
Портлаш якшанба куни кечқурун Хайбер-Пахтунхва вилоятининг Сват водийсидаги Кабал шаҳрида юз берди. Ўша пайтда маҳаллий ёшлар ҳудудда террорчиликнинг яна кучайишига қарши полиция бўлими олдида норозилик акциясини ўтказаётган эди.
1122 қутқарув хизмати вакили Билол Аҳмад Файзийнинг маълум қилишича, маҳаллий шифохоналар 14 кишининг ҳалок бўлганини тасдиқлаган. Қутқарув ишлари давом этмоқда.
Шаҳар полицияси бошлиғи Муҳаммад Омернинг айтишича, худкуш террорист ёлғиз ҳаракат қилган. У полиция бўлими ҳудудига киришга уринган, бироқ ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан тўхтатилгач, ўзидаги портловчи қурилмани ишга туширган.
Портлаш содир бўлган жойда узилиб кетган бош топилган бўлиб, дастлабки тахминларга кўра, у ҳужумчига тегишли.
Расмийлар қурбонлар сони яна ортиши мумкинлигини истисно қилмаяпти, чунки жабрланганларнинг бир нечтаси оғир аҳволда.
Сўнгги йилларда Покистоннинг шимоли-ғарбий ва жануби-ғарбий ҳудудларида қуролли гуруҳлар ҳужумлари кўпайган. Исломобод расмийлари ҳужумларнинг катта қисмини «Теҳрик-и-Толибон Покистон» (ТТП) жангарилари билан боғлаб, уларнинг Афғонистон ҳудудидан фаолият юритаётганини таъкидламоқда.
Афғонистон ҳукумати эса бу айбловларни рад этмоқда.
