Қозоқча-туркча янги етти жилдли луғат нашр этилди
155 мингдан ортиқ луғат мақоласини ўз ичига олган ушбу нашр устида олимлар тўрт йил давомида иш олиб борди.
Хожа Аҳмад Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университети туркшунослик соҳасидаги энг йирик лексикографик лойиҳалардан бири ҳисобланган етти жилдли қозоқча-туркча луғатни тайёрлаш ишларини якунлади.
Университет маълумотига кўра, луғат устидаги ишлар тўрт йил давом этган. Лойиҳа туркий тилларни ўрганиш ва қиёсий таҳлил қилиш, шунингдек, туркий халқларнинг умумий тил ва маданий меросини сақлашга қаратилган.
Луғатни тайёрлаш жараёнида тадқиқотчилар қозоқ адабиётининг тахминан 1,5 мингта асарини таҳлил қилган. Улардан 787 таси асосида ҳажми 30 миллионга яқин сўздан иборат тил корпуси шакллантирилган.
Луғатнинг асосини Qazaq Sözdigi ташкил этган. Корпус материалларидан фойдаланиш натижасида луғат мақолалари сони 155 мингтага, сўз маънолари эса 190 мингдан ортиққа етказилган.
Нашр Халқаро Турк академияси тасдиқлаган 34 ҳарфли Умумтуркий алифбо асосида тайёрланган. Шу билан бирга, луғатда сўзларнинг кирилл ёзувидаги вариантлари ҳам келтирилган. Муаллифлар фикрича, бу Қозоғистоннинг лотин ёзувига ўтиш жараёнига кўмаклашади.
Луғат классик ва замонавий қозоқ адабиётидан олинган мисоллар, шунингдек, батафсил изоҳлар билан бойитилган. Лойиҳа муаллифлари ушбу нашр туркий тиллар ва маданиятини ўрганувчи олимлар, ўқитувчилар, талабалар ҳамда кенг китобхонлар учун муҳим қўлланма бўлишини таъкидламоқда.
