БМТ Украинадан чарчаган
Reuters агентлиги дипломатик манбаларга таяниб хабар беришича, БМТ тизимида Украина масаласи бўйича чарчоқ кузатилаётгани Россия вакилларининг Халқаро электр алоқа иттифоқида (ХЭИ) раҳбарлик лавозимларига сайланиш имкониятини оширган.
Агентлик суҳбатдошларидан бири бўлган Ғарб дипломати исмини ошкор қилмаслик шарти билан: «БМТ тизими Украинадан чарчади», — деб таъкидлаган.
Манбалар фикрича, Россия вакилларининг ХЭИдаги иккита раҳбарлик лавозимига сайланиши Москва халқаро майдонда яккаланиб қолмаганини ва кўп томонлама ҳамкорлик тизимига қайта яқинлашаётганини кўрсатиши мумкин.
Яна бир дипломатнинг айтишича, Россиянинг бундай лавозимларни эгаллаш имконияти ҳозир аввалги йилларга нисбатан юқорироқ. Бунга айрим давлатларнинг Москва билан муносабатларни нормаллаштириш истаги сабаб бўлмоқда.
Шу билан бирга, Reuters келтирган дипломатик баҳолар БМТнинг расмий позицияси сифатида қабул қилинмаслиги керак. Хабарда Россия вакиллари қайси лавозимларга номзод сифатида кўрсатилаётгани ёки сайлов натижалари ҳақида батафсил маълумот берилмаган.
