Экстремистик ташкилотлар ва материалларнинг электрон реестри юритилади
Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига экстремизмга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.
Қонун билан Жиноят кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда. Унга кўра, экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари либераллаштирилади.
Хусусан, бундай ҳаракатларни биринчи марта содир этганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик бекор қилиниб, маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Мазкур ҳаракатлар такроран содир этилган тақдирдагина жиноий жавобгарлик юзага келиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун такомиллаштирилиб, экстремизм тушунчасига аниқ таъриф берилмоқда.
Қонун билан экстремизмга оид жиноятларнинг аниқ доирасини белгилаш, экстремизмнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича давлат дастурларини амалга ошириш, экстремистик ташкилотлар ва материалларнинг электрон реестрини юритиш, хавф-хатарларни мониторинг қилиш ҳамда баҳолашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, қонунчиликдаги «диний экстремизм» атамасини «экстремизм» атамаси билан алмаштириш таклиф этилмоқда. Бу ҳуқуқни қўллаш амалиётида ягона ҳуқуқий ёндашувни таъминлашга хизмат қилади.
Қонун билан экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, экстремистик фаолият ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, Интернет тармоғи ҳамда оммавий ахборот воситаларида экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олишга қаратилган қўшимча механизмлар жорий этилмоқда.
Бундан ташқари, экстремистик ташкилотларни эътироф этиш тартиби ҳамда экстремизмга оид жиноят содир этган шахсларни қайта ижтимоийлаштириш механизмлари ҳам такомиллаштирилади.
Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.
