АҚШ Мудофаа вазирлиги қурол ишлаб чиқаришни тезлаштиришни талаб қилди
АҚШ Мудофаа вазирлиги Эрон билан уруш фонида қурол-яроғ захиралари камайиб бораётгани сабабли мамлакат мудофаа саноати компанияларидан ишлаб чиқариш суръатини оширишни талаб қилди.
The Washington Post маълумотига кўра, АҚШ мудофаа вазири ўринбосари Стив Файнберг компанияларга муҳим қуролларни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича режа ишлаб чиқиш учун 21 кун муҳлат берган.
Маълумотларга кўра, АҚШ армияси THAAD ракетага қарши мудофаа тизимлари учун мўлжалланган ракеталар захирасининг тахминан 80 фоизини, «Пэтриот» ракеталарининг эса қарийб ярмини сарфлаган.
Пентагон қурол ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун ишлаб чиқариш корхоналари ва мавжуд қувватлар сонини кенгайтиришни ҳам талаб қилган.
Айни вақтда АҚШ Конгрессида мудофаа харажатлари учун 1,15 трлн доллар ажратишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Ушбу маблағлар мудофаа соҳасини қўшимча молиялаштиришни ҳам ўз ичига олади.
