Қозоғистон ўзбекистонлик профессорни жосусликда гумонлаб ҳибсга олган – BBC
Қозоғистонда ўзбекистонлик профессор, Иқболжон Қорабоев, ҳибсга олинган. У пойтахт Остонадаги Мақсут Нарикбаев Университетида халқаро алоқалар фанидан дарс бериб келаётганди.
Унинг яқинларининг Би-би-сига айтишларича, асли андижонлик Қорабоев Қозоғистон Жиноят кодексинининг 176-моддаси, яъни жосусликда айбланмоқда.
Модда жосусликни давлат сирларини хорижий давлатлар ёки ташкилотлар манфаатлари йўлида бериш, тўплаш, ўғирлаш ёки сақлаш, шунингдек, хорижликлар томонидан Қозоғистон Республикасининг миллий хавфсизлигига қарши бошқа маълумотлар билан шунга ўхшаш ҳаракатларни амалга ошириш сифатида белгилайди.
«3 июлда фуқаролик кийимидаги бир неча шахс унинг Остонадаги уйига келган ва жосусликда айбланаётганини айтиб, олиб кетишган», – дейди Қорабоевнинг Би-би-сига аноним тарзда гапирган яқини. 46 ёшли профессор Ўзбекистон фуқароси бўлиб, Остонада ўз рафиқаси ва вояга етмаган уч фарзанди билан яшаб келаётганди.
