Германия Россиянинг диверсия ва гибрид ҳужумларига қарши янги ҳимоя режасини тайёрламоқда
Германия ички ишлар вазири Александер Добриндт Лейпциг/Галле аэропортига портловчи модда ортилган дрон орқали қилинган ҳужумдан сўнг мамлакатни Россия томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган диверсиялардан ҳимоя қилиш чора-тадбирлари мажмуини тайёрламоқда.
«Портловчи моддалар ортилган дронлар, шаҳарларимиздаги агентлар, киберҳужумлар ва инфратузилмага саботаж орқали амалга оширилаётган Россиянинг гибрид ҳужумлари кундалик воқеликка айланди. Уларнинг сони яна ортади, аммо биз ўзимизни ҳимоя қила оламиз», — деди у BILD нашрига.
Режага кўра, дронларга қарши курашадиган Германия федерал полициясининг кўчма бўлинмалари кенгайтирилади. Уларни Берлин, Франкфурт, Мюнхен, Гамбург, Кёльн ва Лейпциг каби тўққизта муҳим шаҳарда жойлаштириш режалаштирилмоқда. Уларнинг вазифаси аэропортлар, вокзаллар, ҳукумат квартали ва бошқа муҳим объектларни ҳимоя қилиш, шунингдек, портловчи моддалар ортилган дронларни зарарсизлантиришдан иборат бўлади.
Электр станциялари, сув таъминоти корхоналари ва мудофаа саноати объектлари каби муҳим инфратузилма компанияларига ҳам дронларни нафақат аниқлаш, балки уларни мустақил равишда зарарсизлантириш ҳуқуқини бериш таклиф қилинмоқда.
Бундан ташқари, ҳокимият гумонланувчилар, қурол-яроғ ва эҳтимолий хавфли хатти-ҳаракатларни аниқлаш учун сунъий интеллект, биометрик юзни таниш технологиялари ва видеокузатув тизимларидан кенгроқ фойдаланишни режалаштирмоқда.
Алоҳида равишда миллий «киберқалқон» яратиш ҳам режалаштирилмоқда. У давлат идоралари ва компанияларга қарши киберҳужумларни аниқлаш ва блоклашга мўлжалланган рақамли сенсорлар тармоғидан иборат бўлади.
