Нетаньяху суд билан таҳдид қилди: «7 октябрь» ҳужуми олдидан огоҳлантирилганми?

Нетаньяху суд билан таҳдид қилди: «7 октябрь» ҳужуми олдидан огоҳлантирилганми?

Исроилда Биньямин Нетаньяху «7 октябрь» ҳужуми олдидан эҳтимолий огоҳлантириш олгани ҳақидаги хабарлар янги сиёсий жанжал ва воқеалар юзасидан давлат тергови ўтказиш талабларига сабаб бўлди.
Haaretz газетаси Нетаньяхуга Бирлашган Араб Амирликларидан ҲАМАСнинг эҳтимолий ҳужуми ҳақида огоҳлантириш етказилгани, аммо бош вазир зарур чораларни кўрмагани ҳақида хабар берди. Нашр ўз материалининг ишончли эканини таъкидламоқда.

Хабар эълон қилингач, мухолифат етакчилари Нафтали Беннет, Гади Айзенкот, Авигдор Либерман ва Яир Голан 2023 йил 7 октябрь воқеалари юзасидан зудлик билан давлат тергов комиссиясини тузишни талаб қилди.

Уларнинг таъкидлашича, Исроил жамияти ҳужумдан олдин, ҳужум вақтида ва ундан кейин нима бўлганини билиш ҳуқуқига эга. Мухолифат Нетаньяхуну бош вазирга бевосита етказилган жиддий огоҳлантиришларни эътиборсиз қолдирганликда айбламоқда.

Нетаньяху эса жавобан адвокатларига Haaretz ва журналист Шломи Эльдарга қарши туҳмат бўйича даъво киритишни топширди.

Бош вазир идораси газетадаги хабарни «тўлиқ уйдирма» деб атади. Идора маълум қилишича, 2023 йил сентябрь бошидан 7 октябрга қадар Нетаньяху ва БАА вакиллари ўртасида ҳеч қандай алоқа бўлмаган. Бунга далил сифатида телефон қўнғироқлари журналлари ва бош вазир идорасига ташрифлар қайдлари келтирилган.

Шунингдек, Нетаньяху идораси Haaretzни 27 октябрдаги сайловлар арафасида сиёсий мақсадларга қаратилган кампания олиб боришда айблади.

Бош вазир идораси ҳужум олдидан йўл қўйилган камчиликлар учун собиқ ички хавфсизлик хизмати «Шин-Бет» раҳбари Ронен Бар ва собиқ Бош штаб бошлиғи Герци Халевини масъул деб ҳисобламоқда. Нетаньяху идораси версиясига кўра, улар ҳужум бошланишидан бир неча соат олдин тайёргарлик аломатларини олган, аммо бу ҳақда бош вазирни ўз вақтида хабардор қилмаган.

Нетаньяху эса 7 октябрь воқеалари бўйича давлат тергов комиссияси тузиш талабларига ҳануз қаршилик қилмоқда. Унинг фикрича, масъулият масаласи уруш тугаганидан кейин кўриб чиқилиши керак.

Haaretz ўз навбатида эълон қилган маълумотларидан воз кечмаслигини ва материалининг ишончлилигига ишонишини билдирган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: