Украина Озарбайжон тажрибасини ўрганади
Украина Озарбайжон тажрибасини ўрганади: шаҳарлар минадан тозланади.
Украина шаҳар ҳудудларини гуманитар минадан тозалаш ва зарарсизлантирилган майдонларни қайта тиклашга тайёрлаш бўйича Озарбайжон тажрибасини ўрганишдан манфаатдор. Бу ҳақда Украина Иқтисодиёт ва атроф-муҳит вазирлиги маълум қилди.
Украина вазирлиги ва Озарбайжон Минадан тозалаш агентлиги (ANAMA) вакиллари қўшма лойиҳаларни кенгайтириш ҳамда амалий тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилди. Учрашув 2–3 сентябрь кунлари Бокуда бўлиб ўтган IV Халқаро минадан тозалаш конференцияси доирасида ташкил этилган.
Украина томони, шунингдек, ANAMAни UMAC 2026 минадан тозалаш конференциясида иштирок этишга таклиф қилди. Тадбир ноябрь ойининг ўртасида Брюсселда бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Украина учун бу тажриба айниқса муҳим, чунки уруш оқибатида мамлакатнинг катта ҳудудлари мина ва бошқа портловчи қурилмалардан зарарланган. Минадан тозалаш ишлари тугаган ҳудудларни хавфсиз равишда тиклаш эса қайта қурилишнинг муҳим босқичларидан бири ҳисобланади.
