Россия мактабларида ҳарбий тайёргарлик соатлари икки баравар оширилди

Россия мактабларида ҳарбий тайёргарлик соатлари икки баравар оширилди

Россия мактабларида ҳарбий тайёргарликка ажратиладиган ўқув соатлари икки баравар оширилди.

Энди ҳарбий тайёргарлик «Хавфсизлик ва Ватанни ҳимоя қилиш асослари» («Основы безопасности и защиты Родины») курсининг ярмини ташкил этади. Тўрт ўқув йили давомида ушбу йўналишга 68 соат ажратилади. Бу ҳақда Россия маориф вазири Сергей Кравцов маълум қилди.

Россия ҳукумати Украинага қарши уруш бошланганидан кейин 8–11-синф ўқувчилари учун мактабларда ҳарбий тайёргарликни жорий қилган. 2026 йилга қадар мазкур фанга «Хавфсизлик ва Ватанни ҳимоя қилиш асослари» курсининг 20 фоизи ажратилган эди.

Бошланғич ҳарбий тайёргарлик Совет Иттифоқи даврида ҳам мактабларда мавжуд бўлган. 1993 йилда у ўқув дастуридан чиқарилган, бироқ 2023 йилда ОБЖ — «Ҳаётий фаолият хавфсизлиги асослари» дарслари доирасида қайта жорий этилган.

10–11-синф ўқувчиларига Калашников автомати билан отиш, қўл гранаталарини улоқтириш ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш каби кўникмалар ўргатилган.

2024 йилдан Россия мактабларида ОБЖ фани ўрнига «Хавфсизлик ва Ватанни ҳимоя қилиш асослари» фани жорий этилди.

2026 йил май ойида «Важные истории» нашри Россия ҳукумати сўнгги беш йил ичида мактаб ўқувчилари учун ҳарбий-ватанпарварлик марказларига 50 миллиард рублдан ортиқ маблағ сарфлагани ҳақида хабар берган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: