Арманистон Россия ҳарбий базасини чиқариб кетишига йўл қўйиши мумкин

Арманистон Россия ҳарбий базасини чиқариб кетишига йўл қўйиши мумкин

Арманистон Россия ҳарбий базасини чиқариб кетишига йўл қўйиши мумкинлигини билдирди.
Россия ва Арманистон ўртасидаги муносабатлар ўзгаришда давом этмоқда.

Арманистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар янги сифат ва мазмун касб этган бўлиб, кун тартибидаги кенг доирадаги масалаларни қамраб олмоқда. Бу ҳақда Арманистонда ҳукмрон бўлган «Фуқаролик шартномаси» партияси депутати Сона Казарян парламентда журналистлар билан суҳбатда маълум қилди.

Унинг қўшимча қилишича:

«Агар Россия Федерацияси ҳарбий базани олиб чиқиб кетиш бўйича таклиф билан чиқса, Арманистон Республикаси бунга қарши бўлмайди».

Шу билан бирга, Россия газининг Арманистонга етказиб берилишидаги асосий йўналишлардан бири бўйича вақтинчалик тўхташ ҳақида ҳам маълум бўлди.

«Газпром Арманистон» компанияси 15 сентябрдан 25 сентябргача Россия ҳудудида режали профилактика ва таъмирлаш ишлари олиб борилиши муносабати билан «Шимолий Кавказ — Закавказье» магистрал газ қувури орқали Арманистонга табиий газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилишини маълум қилди.

Компания таъкидлашича, бу тўхтатиш республика истеъмолчилари учун ҳеч қандай чекловларга олиб келмайди.

«Кўрсатилган даврда республика истеъмолчиларини газ билан таъминлаш чекловларсиз амалга оширилади — ички захиралар ҳамда Эрондан қўшимча табиий газ етказиб бериш ҳажмлари ҳисобидан», — дейилади хабарда.

«Газпром Арманистон» ёпиқ акциядорлик жамияти Россиянинг «Газпром» холдингининг 100 фоизлик шўба корхонаси бўлиб, Арманистон ички бозори учун Россия табиий газининг монопол етказиб берувчиси ҳисобланади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: