Хоразмда икки нафар фарзанд отасининг қарамоғига қайтарилди
Янгиариқ туманида икки нафар вояга етмаган фарзанд суд қарори асосида бувисининг қарамоғидан олиниб, отаси тарбиясига берилди.
Оилавий низолар сабаб Янгиариқ туманида яшовчи фуқаро А.М. икки нафар вояга етмаган фарзандини олиб, ота уйига қайтган. Бироқ орадан кўп ўтмай, васийлик ва ҳомийлик органини хабардор қилмасдан, фарзандларини онаси И.М.нинг қарамоғида қолдириб, даромад топиш мақсадида Россия Федерациясига жўнаб кетган.
Шундан сўнг болаларнинг отаси Б.Х. фарзандларини ўз тарбиясига олиш ва уларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб судга мурожаат қилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг ижро варақасига асосан, 10 ва 5 ёшли икки нафар болани бувиси И.М.нинг қарамоғидан олиб, отаси Б.Х. тарбиясига бериш белгиланган.
Суд ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Янгиариқ тумани бўлими иш юритувига келиб тушгач, давлат ижрочилари томонидан ижрони таъминлаш бўйича тегишли ҳаракатлар бошланган.
Болаларни ихтиёрий равишда отасига топшириш юзасидан огоҳлантириш берилганига қарамай, жавобгар турли сабабларни келтириб, суд ҳужжати ижросини кечиктириб келган.
Натижада қонунчилик талаблари асосида кўрилган тезкор ижро ҳаракатлари давомида, холислар иштирокида икки нафар норасида фарзанд отасининг бағрига қайтарилди.
Шу тариқа суд қарори ижроси тўлиқ таъминланди.
Мазкур ҳолат яна бир бор вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муносиб тарбия ва оилавий муҳитда улғайишини таъминлаш муҳим эканини кўрсатади.
