CNN, MS NOW ва Politico журналистларининг Оқ уйга кириш ҳуқуқи зудлик билан тикланадими?

CNN, MS NOW ва Politico журналистларининг Оқ уйга кириш ҳуқуқи зудлик билан тикланадими?

АҚШ федерал суди Трамп маъмуриятига CNN, MS NOW ва Politico журналистларининг Оқ уйга кириш ҳуқуқини зудлик билан тиклашни буюрди.

Судя Тим Келли президент Доналд Трамп жорий қилган тақиқ катта эҳтимол билан АҚШ Конституциясига зид эканини билдирди ва бу тақиқни 14 кунга тўхтатиб қўйди. Иш бўйича суд жараёни давом этади.

18 сентябрда АҚШ президенти CNN, MS NOW ва Politico журналистларини “сохта хабарлар тарқатиш”да айблаб, уларнинг Оқ уйга киришини тақиқлаган эди. Шундан сўнг ушбу оммавий ахборот воситалари биргаликда судга даъво киритди.

Даъвода тақиқ сўз ва матбуот эркинлигини кафолатловчи АҚШ Конституцияси моддасига зид экани, шунингдек, журналистларни қонунда назарда тутилган қарор устидан шикоят қилиш имкониятидан маҳрум қилаётгани айтилган.

CNN, MS NOW ва Politico’ни матбуот эркинлигини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҳамда ўнлаб оммавий ахборот воситалари қўллаб-қувватлади. Улар журналистларни таҳририятнинг позицияси сабабли Оқ уйга киритмаслик АҚШ Олий суди амалиётига зид эканини билдирган қўшма баёнот эълон қилди. Ҳужжатни Reuters, The Washington Post ва Fox News ҳам имзолаган.

Оқ уй тележурналистлари гуруҳига кирувчи Қўшма Штатларнинг тўртта йирик телеканали — АBC, CBS, NBC ва Fox News ҳам бирдамлик сифатида Доналд Трамп иштирокидаги тадбирларни ёритишдан бош тортди. CNN ушбу гуруҳ таркибига киради.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: