Арманистон КХШТда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилинди
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) мамлакатлари Арманистон ўз мажбуриятларини бажармагани сабабли шундай қарорга келган.
«Арманистон бир неча йилдан буён ўз мажбуриятларини бажармай келаётгани сабабли, ташкилот низомига асосланиб, Арманистонни овоз бериш ҳуқуқидан, шунингдек, КХШТдаги масъул лавозимларга ўз вакилларини тайинлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш таклиф этилди ва тегишли қарор қабул қилинди», – деди Песков.
2024 йилда Москва билан муносабатлари ёмонлашгани фонида Ереван КХШТдаги иштирокини «музлатиб қўйганди» ва кейинроқ ташкилотдан тез орада чиқиб кетишини маълум қилди.
Шу билан бирга, Арманистон ҳукуматининг ўзи КХШТдан чиқиш ташаббуси билан чиқмаган, бироқ аъзолик бадалларини тўлашни тўхтатган. Арманистон бош вазири Никол Пашинян Ереван ташкилотга аъзоликдан ҳеч қандай маъно кўрмаётганини айтган эди.
