Mercedes-Benz ишдан ўз хоҳиши билан бўшага ходимларга 422 минг еврогача пул таклиф қилмоқда — Bild
Германиянинг Mercedes-Benz автоконцерни ходимларни ўз хоҳишига кўра ишдан бўшатиш бўйича янги дастурни ишга туширмоқда. Компаниянинг ички ҳужжатларидан маълум бўлишича, энг катта тўлов миқдори 422 минг еврони ташкил этади. Агар юқори маош олувчи 52 ёшли муҳандис 2027 йил март ойи охиригача ишдан кетишга рози бўлса, айнан шунча маблағ олиши мумкин.
Компенсация миқдори ходимнинг ёши, иш стажи ва маошига боғлиқ. Маъмурий бўлим ходимлари учун 253 минг еврогача тўлов кўзда тутилган. Таклиф ишлаб 30 мингдан ортиқ ходимга юборилади. Улар орасида турли мутахассислар, усталар, жамоа ва бўлим раҳбарлари бор.
Дастурга илк бор юқори даражадаги раҳбарлар ҳам киритилди. Иштирок этиш учун асосий шарт — 1 декабр ҳолатига кўра компанияда камида уч йиллик иш стажига эга бўлишдир. Дастур ўн ойга — 2026 йил 1 декабрдан 2027 йил 30 сентябргача мўлжалланган. Энг қулай шартлар дастлабки тўрт ойда амал қилади. Март ойи охиригача қарор қабул қилган ходимлар тезкорлик учун қўшимча мукофот — “Турбо-Бонус” олиши мумкин.
Mercedes-Benz бу ҳолатни компаниядаги иқтисодий вазиятнинг ёмонлашгани билан изоҳламоқда. Концерн ходимлар учун харажатларни қисқартиришга интилмоқда. Бироқ компания ходимларни ишлаб чиқариш сабабларига кўра одатий тартибда ишдан бўшата олмайди. Чунки Германияда бандлик кафолатлари тўғрисидаги келишув 2034 йил охиригача амал қилади.
