Яманда ҳусийлар қўлида асирликда сақланган БМТ ходими вафот этди

Яманда ҳусийлар қўлида асирликда сақланган БМТ ходими вафот этди

Яманда «Ансоруллоҳ» ҳаракати (ҳусийлар) томонидан асирликда сақланган БМТ ходими Муҳаммад аш-Шомий вафот этди.

РИА Новости хабар беришича, у БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг Ямандаги ваколатхонасида фаолият юритган ва 2024 йил 6 июндан буён ҳусийлар қўлида сақланаётган эди.

Марҳумнинг яқинлари берган маълумотга кўра, аш-Шомий бир ойдан кўпроқ вақт аввал вафот этган, бироқ оиласи бу ҳақда яқиндагина хабар топган. Унинг ўлими сабаблари ва тафсилотлари ҳозирча номаълум.

«Бу Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармамиз ва бутун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти учун оғир йўқотиш», — деди БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк.

У марҳумнинг оиласи ўлим ҳолатлари ҳақида тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади.

Тюрк ҳусийлардан воқеа юзасидан шаффофликни таъминлаш ҳамда зудлик билан мустақил ва ҳар томонлама тергов ўтказишни талаб қилди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: