Европа Иттифоқи Украинага яна 4,36 миллиард евро ёрдам ажратди

Европа Иттифоқи Украинага яна 4,36 миллиард евро ёрдам ажратди

Бу ҳақда Еврокомиссия маълум қилди. Унинг маълумотларига кўра, ўтказиб берилган сумманинг 3,7 миллиард евроси — 2026 йил учун макроиқтисодий ёрдамнинг учта траншидан иккинчисидир. Қолган 658 миллион евро эса Киевга мудофаа учун ажратилаётган кредит доирасидаги еттинчи тўлов ҳисобланади.

«Россия ўзининг чексиз ҳужумларини давом эттираётган бир пайтда, Украина бешинчи ҳарбий қишга қадам қўймоқда. Украина учун адолатли ва мустаҳкам тинчликка эришиш ҳаракатлари давом этар экан, ЕИнинг ўзгармас қўллаб-қувватлаши ҳам давом этади. Бугунги 4,36 миллиард евро ажратилиши билан биз Украинага асосий давлат хизматларини кўрсатиш ва кечиктириб бўлмайдиган мудофаа эҳтиёжларини қондиришда ёрдам бермоқдамиз», — деди Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен.

ЕК пресс-релизига кўра, мудофаа учун ажратилаётган маблағлар дронлар, ракеталар, радарлар, радиоэлектрон кураш (РЭБ) тизимлари ва ҲҲМ (ҳаво ҳужумидан мудофаа) учун ўқ-дорилар харид қилишга йўналтирилади. Бу пулларнинг катта қисми Украинанинг мудофаа компанияларидан харид қилиш учун ишлатилади.

ЕИда 2026 йил учун Украинага яна 25,2 миллиард евро қолмоқда, уларнинг катта қисми мудофаа эҳтиёжлари учун ажратилган, дейилади ЕК пресс-релизида. Унда таъкидланишича, уруш бошланганидан бери Брюссель Киевга 235,9 миллиард евро ажратган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: