Россия НАТОдан Финляндияни чиқариш ва Болтиқбўйидаги ҳарбий базаларни ёпишни талаб қилмоқда
Россия Европада хавфсизликнинг янги тартибини шакллантириш бўйича бир қатор талабларни илгари сурмоқда. Улар орасида Финляндиянинг НАТОдан чиқиши, шунингдек, Эстония, Латвия ва Литвадаги альянс ҳарбий базаларининг ёпилиши ҳам бор. Бу ҳақда BILD нашри хабар берди.
Москва таклифларига кўра, Украина ҳарбий блокларга қўшилмаслик мақомини қабул қилиши ва НАТОга аъзо бўлиш режасидан воз кечиши керак. Бироқ мамлакатнинг Европа Иттифоқига кириш имконияти сақланиб қолади.
Шунингдек, Россия ҳозирда назорат қилаётган ҳудудларни ўзида сақлаб қолишни ва бутун Донбассни, жумладан, Киев назоратидаги Донецк ва Луганск вилоятлари қисмларини ҳам эгаллашни истамоқда. Москва таклифларида Одесса ва Николаевни демилитаризация қилиш масаласи ҳам ўрин олган.
Талаблар Молдовага ҳам тааллуқли. Россия бу мамлакатни Гагаузия ва Днестрбўйи ҳудудларини ўз ичига олган федератив давлатга айлантиришни таклиф қилмоқда. Молдова Европа Иттифоқига қўшилган тақдирда, ушбу ҳудудларга ўз келажагини мустақил белгилаш бўйича референдум ўтказиш ҳуқуқи берилиши назарда тутилган.
Бунга жавобан Москва Беларусда жойлаштирилган ядро қуроллари ва ўрта масофага учувчи ракеталарини, шунингдек, Днестрбўйидаги ҳарбийларини олиб чиқиб кетишга тайёрлигини билдирмоқда.
BILD таъкидлашича, мазкур таклифлар ҳозирда норасмий музокараларда муҳокама қилинаётган бир нечта вариантлардан бири ҳисобланади. Турли воситачи гуруҳлар ўз режаларини илгари сураётган бўлиб, Владимир Путин айнан шу таклифларни қўллаб-қувватлагани ёки йўқлиги ҳозирча номаълум.
