Сомали БАА элчисидан 72 соат ичида мамлакатни тарк этишни талаб қилди
Сомали ҳукумати Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) элчисидан дипломатик можаро кескинлашгани фонида 72 соат ичида мамлакатни тарк этишни талаб қилди. Шунингдек, Могадишо ўз элчисини маслаҳатлашувлар учун Абу-Дабидан чақириб олмоқда.
Мазкур қарор 19 ноябрь куни Сомали Вазирлар кенгаши йиғилишида қабул қилинган. Мамлакат мудофаа вазири Аҳмад Муаллим Фики БААни Сомалининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳаракатларда айблади.
«Буюмларингизни йиғинг ва мамлакатни тарк этинг», — деб ёзди у X ижтимоий тармоғида. Вазирнинг таъкидлашича, Сомали суверенитетини ҳурмат қилмайдиган хорижий давлат унинг ички ишларига аралашиш ҳуқуқига эга эмас.
Бир кун аввал икки мамлакат вакиллари бир-бирларига нисбатан қатор айбловларни илгари сурган эди. Сомали ҳукумати Абу-Дабини низоларни авж олдириш, сиёсий арбобларни пора бериш орқали оғдириш ва бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашишда айбламоқда.
Сомали президенти Ҳасан Шайх Маҳмуд 17 ноябрь куни БАА федерал ҳукуматнинг розилигисиз мамлакатнинг айрим ҳудудларида ҳарбий базалар ташкил этгани ва миллий хавфсизлик тизимига кирмайдиган қуролли бўлинмаларни шакллантирганини маълум қилган.
Аввалроқ, жорий йилда Могадишо Амирликлар билан тузилган барча келишувларни бекор қилган ва уларнинг ҳарбий ҳамда юк самолётлари учун ўз ҳаво ҳудудини ёпган эди.
Шунга қарамай, Сомали президенти тенглик ва ўзаро ҳурмат тамойиллари асосида муносабатларни тиклашга тайёрлигини билдирган.
Икки давлат ўртасидаги кескинлик январь ойидан буён сақланиб келмоқда. БАА эса аввалроқ Сомалининг ички ишларига аралашиш ҳақидаги айбловларни рад этган.
